Сайёр қабуллар миграцияга оид мурожаатларга ҳам ечимдир
“Инсон қадри учун” тамойили асосида Ички ишлар вазирлиги тизимида фуқароларга қулай ва тезкор давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда мурожаатларга манзилли ечим топиш мақсадида шахсий ва сайёр қабуллар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Мазкур йўналишдаги амалий ишларнинг давоми сифатида Тошкент вилояти ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан мурожаатлар кўп келиб тушаётган ҳудудларда навбатдаги сайёр қабуллар ўтказилди. Хусусан, Бекобод шаҳри ва тумани ҳамда Олмалиқ шаҳрида миграция ва фуқаролик масалаларига бағишланган сайёр қабуллар ташкил этилди.

Унда Бекобод ҳудуди бўйича 80 дан ортиқ мурожаат ўрганилган бўлса, Олмалиқдан эса 140 нафар фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди. Ушбу мурожаатларнинг 100 дан ортиғи Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш йўналишида бўлиб, 62 нафар шахсдан фуқароликни олиш учун ҳужжатлар қабул қилинди. Шу билан бирга, 44 нафар мурожаатчига фуқаролик олиш тартиби ва қонунчилик талаблари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, ёши ва соғлиғи сабабли миграция бўлинмаларига келиш имконияти бўлмаган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 60 нафарга яқин фуқароларнинг яшаш манзилида ID-карта расмийлаштириш учун ҳужжатлар қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар шу куннинг ўзида топширилиши таъминланди. Паспорт маълумотларидаги техник хатоликлар бўйича 10 нафар фуқаронинг мурожаати жойида бартараф этилди.

Бундан ташқари, сайёр қабуллар давомида миграция ва паспорт қоидаларига риоя этилиши юзасидан профилактик тадбирлар ҳам ўтказилди. Назорат жараёнида баъзи фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш ва яшаш қоидаларини бузгани аниқланиб, қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилди.

Тадбирлар якунида вилоятда доимий яшовчи 11 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилингани муносабати билан уларга расмийлаштирилган ID-карта тантанали равишда топширилди. Умуман олганда, мазкур ҳудудларда ўтказилган сайёр қабуллар давомида миграция ва фуқаролик масалаларига оид 220 дан ортиқ мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг 160 таси ёки 72 фоизи қабул жараёнидаёқ ижобий ҳал этилди.

Муҳими, бу каби сайёр қабуллар фуқароларнинг мурожаатларини тезкор ва манзилли ҳал этиш, миграция соҳасида давлат хизматлари сифатини оширмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.