Сайёр қабулда муаммолар ҳал этилмоқда
Республика Адлия вазирлиги ташаббуси билан шу йилнинг 14 октябридан 28 октябрига қадар озодликдан маҳрум қилиш жойларидан озод қилинган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган “Ҳуқуқий кўмак” акцияси ўтказилмоқда. Акция доирасидаги тадбирлар Наманган вилояти Мингбулоқ ва Уйчи туманларида ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Жазодан қайтган шахслар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини аниқлаш, ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш, уларнинг жамиятдаги роли, ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан чоралар кўриш мақсадида Мингбулоқда бўлган сайёр қабулда Наманган вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Дилмурод Аҳмедов қатнашиб, хайрли акциянинг мазмун-моҳияти юзасидан маълумот берди.

Жазони ижро этиш муассасасидан қайтган фуқаролар билан олиб борилган мулоқот давомида 20 та мурожаат қабул қилиниб, шундан 15 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди, бештаси эса алоҳида қайд этилган ҳолда, адлия бўлими назоратига олинди. Жумладан, тумандаги Қорашаҳар маҳалласида яшовчи Авазбек Баракаевга дурадгорлик фаолияти билан шуғулланиши учун туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда субсидия асосида дастгоҳ олиб бериладиган бўлди.

– Сайёр қабул давомида фуқароларнинг мурожаатлари улар хонадонига бориб, яқиндан ўрганиб чиқилди, – дейди Наманган вилояти адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси Фозилжон Жўрабоев. – Жумладан, бир фуқаронинг яшаш хонадонига бориб, ўзи ва ота-онаси билан суҳбат ўтказилди. Жаҳонгир Уралов жорий йилнинг январь ойида қамоқдан шартли равишда озод этилган. Унга туман ҳокимлиги томонидан моддий ёрдам кўрсатилган. Адлия бошқармаси ва туман бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида у автомобилларга газ қуйиш шохобчасига оператор сифатида ишга жойлаштирилди.

Уйчи туманида ўтказилган cайёр қабулда, фуқаролар М.Д. ва Ў.Х. муддатидан олдин жазодан озод қилинишни сўраб мурожаат қилган. Сайёр қабул давомида жиноят ишлари бўйича Уйчи тумани судининг судьяси томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, фуқароларнинг муддатидан аввал жазодан бўшатиш ҳақидаги аризаси кўриб чиқилиб, туман ИИБ томонидан киритилган тақдимнома қаноатлантирилди.
Албатта, бундай эзгу ва амалий акцияларни ўтказишдан кўзланган мақсад, озодликдан маҳрум қилиш жойларидан озод қилинган шахслар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда адлия органларининг ваколати доирасида ҳал этиш чораларини кўриш ва энг асосийси жамиятда “Инсон қадри учун” тамойилини қарор топтиришдан иборат.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.