Сайёр қабулда аҳоли асосан иш ва моддий ёрдам бўйича мурожаат қилди
Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раҳбарлигида сайёр қабул ўтказилди. Қабул давомида фуқаролар томонидан жами 394 та мурожаат рўйхатга олинди. Улардан 166 таси Оқолтин тумани аҳолисига тегишли бўлиб, қолганлари Мирзаобод, Сайхунобод, Боёвут, Сардоба, Ховос туманлари ҳамда Гулистон шаҳридан келиб тушди.
Мурожаатларнинг асосий қисми иш билан таъминлаш масалаларига оид бўлди — 252 та. Шунингдек, моддий ёрдам масаласида 88 та, уй-жой бўйича 27 та, даволанишга кўмак сўраганлар — 12 та, суд ишларига оид масалалар — 9 та, алимент билан боғлиқ муаммолар бўйича 6 та мурожаат қайд этилди.

Сайёр қабулда вилоят прокурори Савид Иматов, вилоят ИИБ бошлиғи Фарруҳ Ҳайдаров, давлат солиқ бошқармаси раҳбари Сухроб Тавбоев ҳамда туман ҳокими Ҳусниддин Сувоновлар иштирок этишди. Улар ҳар бир мурожаатни ўрганиш ва ечим топиш бўйича ўз йўналишларида аниқ вазифаларни белгилаб олишди.

– Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила муаммоси туради. Шунинг учун ҳар бир масалага жиддий ёндашиш ва уни ҳал қилиш — биз учун асосий вазифа. Оқолтиндаги бугунги қабулнинг асосий мақсади — одамларнинг давлатга бўлган ишончи ва умидини янада мустаҳкамлашдир, – деди Эркинжон Турдимов.
Қабул якунида мурожаатларнинг ижросини таъминлаш учун тегишли идора масъулларига топшириқлар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири