Сайёр қабулда 60 га яқин мурожаат кўриб чиқилди
Боёвут туманида аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш, фуқароларнинг ҳуқуқий масалаларга оид мурожаатларини ҳал этиш мақсадида сайёр қабул ташкил этилди.
Тумандаги Учтургон маҳалласида ўтказилган қабулда Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Иномжон Қудратов иштирок этиб, турли ҳудудлардан келган фуқароларнинг мурожаатларини тинглади. Суҳбат давомида аҳоли ўзини қийнаб келаётган муаммолар, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор масалалар юзасидан мурожаат қилди.

Қабул давомида 60 га яқин мурожаат кўриб чиқилди. Уларнинг аксарияти ер муносабатлари, мулк ҳуқуқи, ижара, алимент ундириш, ижтимоий ҳимоя ҳамда бошқа ҳуқуқий масалалар билан боғлиқ бўлди.

Ҳар бир мурожаат юзасидан амалдаги қонунчилик талаблари асосида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Ечими жойида бўлган масалалар бўйича тегишли чоралар кўрилди, қўшимча ўрганиш ва масъул ташкилотлар билан ҳамкорликни талаб этадиган мурожаатлар эса назоратга олинди.

Сайёр қабул доирасида фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида сайёр давлат хизматлари ҳам кўрсатилди.

Шунингдек, оилавий низоларнинг олдини олиш, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштиришга кўмаклашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бундай оилалар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, келишмовчиликларни ўзаро муроса ва тинч йўл билан ҳал этиш, оилавий муносабатларни сақлаб қолиш юзасидан ҳуқуқий ва амалий тавсиялар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири