Сайёр қабул: жазолар енгилига алмаштирилди
Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Судьялар олий кенгаши, Олий суд судьялари, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, адлия ва божхона бошқармалари, тижорат банклари томонидан сайёр қабул ўтказилди.
Қабулда жами 718 та мурожаат тингланди. Уларнинг 316 таси жойида ижобий ҳал этилди, 360 та мурожаат ижро учун назоратга олинди, қолганларига ҳуқуқий маслаҳат берилди.
– “Халқ банки” туман филиалига кредит сўраб мурожаат қилган эдим, – дейди Мирзачўл тумани “Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Нилуфар Аминова. – Банк мурожаатимиз ижросини пайсалга солиб келганлиги сабаб сайёр қабулга келдим Турмуш ўртоғим билан оилавий бизнесимизни йўлга қўйиб, хўжалик совуни ишлаб чиқарувчи аппарат учун Қўқон шаҳрига буюртма берган эдик. Соатига 400 дона хўжалик совуни ишлаб чиқарувчи ушбу аппарат учун сўраган 30 миллион сўм кредитни ижобий ҳал қилиб беришди. Энди ишни бошлаш қолди. Маҳсулотни буюртма берган ташкилотларга шартнома асосида ва ички бозорда сотишни йўлга қўйишни режалаштиряпмиз.
– Қайнонам инсульт бўлиб 2 йилдан буён тўшакка михланиб қолган, – дейди Дўстлик туманида истиқомат қилувчи Насиба Шарипова. – Шу сабабдан ногиронлик аравачаси сўраб мурожаат қилган эдик. Бугунги сайёр қабулда бу масала ҳал этилиб, аравача топширилди.
[gallery-6572]
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров, Олий суд раисининг ўринбосари Х.Тўрахўжаев томонидан жиноят ишлари бўйича 74 та, маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича 12 та, фуқаролик ишлари бўйича 43 та, иқтисодий ишлар бўйича 5 та, оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий ишлар бўйича 11 та мурожаат тингланди. Шунингдек, 16 нафар судланувчига нисбатан тайинланган жазо турлари Жиноят кодексининг 73-моддаси тартибида муддатидан олдин шартли равишда кўриб чиқилди. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти Жиззах шаҳар судининг 2021 йил 21 апрель кунги ҳукми билан судланган Эркин Баратов 1 йил 7 ой 23 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан аввал шартли озод қилинди. 10 нафар фуқаронинг жазоси эса Жиноят кодексининг 74-моддаси тартибида енгилроғи билан алмаштирилди.
Сайёр қабулда фуқаролик ишлари бўйича 9 та алимент ҳамда 3 та иш ҳақи ундириш бўйича суд буйруғи чиқарилиб, ушбу мурожаатлар ижобий ҳал этилди.
– Ўзим меҳнат қилаётган “Дўстлик пахта заводи” МЧЖда 4 ойдан буён иш ҳақимни ололмай келаётгандим, – дейди М.Тожибоев. – Дўстлик туманлараро фуқаролик судига мурожаат қилдим. Суд ишини Дўстлик туман мажбурий ижро бюросига чиқарди. Бюро 21 миллион сўмлик 4 ойлик иш ҳақимни чиқартириб, пластик карточкага тушириб берди. Мурожаатларнинг 55 таси жойида ижобий ечим топган бўлса, 44 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, 66 та мурожаат ижро учун назоратга олинди.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА