Сайёр қабул: талабаларнинг мурожаат ва таклифлари тингланди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректори Алишер Уббиев томонидан талаба-ёшлар билан очиқ мулоқот шаклида сайёр қабул ташкил этилди.
Унда талабаларнинг таълим олиши, яшаш шароитлари, ижтимоий қўллаб-қувватланиши, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, илмий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Сайёр қабул давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, мавжуд муаммолар юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди. Шунингдек, таълим сифатини ошириш, институтдаги шарт-шароитларни янада яхшилаш, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда талабалар учун янги имкониятлар яратиш борасида қатор таклифлар илгари сурилди.

Ректор ҳар бир мурожаатни диққат билан тинглаб, кўтарилган масалалар юзасидан тегишли тушунтириш берди. Ўз ечимини талаб этадиган мурожаатлар бўйича масъул раҳбар ва бўлимларга аниқ топшириқ берилиб, уларнинг ижросини назоратга олиш зарурлиги таъкидланди.
Бундай сайёр қабуллар талаба-ёшлар билан бевосита мулоқотни мустаҳкамлаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш, шунингдек, таълим муассасаси фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири