Сайёр қабул: мурожаатлар жойида ҳал этилмоқда
Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Айниқса, ҳудудларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар асносида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, уларни қийнаётган масалалар жойида ўрганилмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” ишчи гуруҳи томонидан галдаги сайёр қабул Фарғона вилоятида ташкил этилди. Унда тадбиркорлик субъектларининг энергия ресурслари таъминоти, техник уланиш ва амалдаги қоидалар ижросига оид мурожаатлари кўриб чиқилди.
Жумладан, Тошлоқ туманида фаолият юритаётган “Эргашобод” фермер хўжалиги, “Ал Барака Фарғона” МЧЖ ҳамда якка тартибдаги тадбиркор А.Азизов томонидан табиий газ таъминоти бўйича билдирилган мурожаатлар жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Мутахассислар томонидан зарур техник чоралар кўрилиб, газ қурилмаларининг тармоққа уланиши таъминланди.
Шунингдек, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари вакиллари билан мулоқот ўтказилиб, нефть маҳсулотларидан намуна олиш тартиби, хавфсизлик талаблари ҳамда амалдаги меъёрий ҳужжатлар бўйича тушунтиришлар берилди.
Инспекция ахборот хизматига кўра, мазкур сайёр қабул давомида жами 24 та мурожаат ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилиб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Қолган масалалар бўйича эса масъул ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилди ва ижроси назоратга олинди.
Тадбир якунида тадбиркорлар ва мурожаатчиларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, уларни қийнаётган масалаларни қонуний асосда ҳал этиш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА