Сайёҳлар учун қулайликлар яратилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг туризм соҳасини жадал ривожлантириш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва сайёҳлар учун қулай инфратузилма яратишга қаратилган ташаббуслари Бухоро вилоятида изчил амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбарининг 2026 йил 30 апрелдаги “Ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳада лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида 2026–2027 йилларда ҳудудларда туризмни ривожлантириш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланган.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида жорий йилда Бухоро вилоятида сайёҳлар учун 4 та янги санитария-гигиена шохобчасини ташкил этиш вазифаси белгиланган эди. Бугунги кунда ушбу вазифа амалда таъминланиб, вилоятнинг туристлар энг кўп ташриф буюрадиган ҳудудларида замонавий санитария-гигиена шохобчалари фойдаланишга топширилди. Хусусан, янги шохобчалар Бухоро шаҳридаги “Ислом тамаддуни намояндалари хиёбони”, Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи, Ғиждувон туманидаги “Ғиждувон ҳунармандчилик маркази” ҳамда Бухоро шаҳридаги Арк қўрғони ҳудудларида ташкил этилди. Бу аввало, туризм инфратузилмасида оддийдек кўринган, аммо сайёҳнинг умумий таассуроти ва саёҳат сифатига бевосита таъсир кўрсатадиган муҳим масалаларни ҳал этишга қаратилган амалий қадамдир.

Зеро, замонавий туризм фақат тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва диққатга сазовор масканларни намойиш этиш билан чекланмайди. Сайёҳга қулай транспорт, овқатланиш, дам олиш, ахборот олиш ва санитария-гигиена шароитларини яратиш ҳам туристик хизматлар сифатининг муҳим мезони ҳисобланади. Шу маънода, янги шохобчаларнинг айнан сайёҳлар оқими юқори бўлган масканларда ташкил этилгани муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, Бухоро каби бой тарихий-маданий меросга эга ҳудудда туристик инфратузилманинг ҳар бир элементи сайёҳлик муҳитининг яхлитлигини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса хорижий меҳмонларда ҳудуд ҳақида ижобий таассурот шакллантириш, уларнинг саёҳат давомийлигини ошириш ва туристик хизматларга бўлган талабни рағбатлантиришда муҳим омил бўлиши мумкин.

Янги санитария-гигиена шохобчаларининг барпо этилиши Президент қарорларида белгиланган вазифаларнинг қоғозда қолиб кетмасдан, бевосита аҳоли ва сайёҳлар эҳтиёжига хизмат қиладиган амалий натижага айланаётганини кўрсатади. Энг муҳими, бу каби лойиҳалар Бухорони нафақат тарих ва маданият маркази, балки замонавий, қулай ва сайёҳ учун дўстона туристик ҳудуд сифатида янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Келгусида туристик объектлар атрофида инфратузилмани комплекс такомиллаштириш, хизматлар сифатини ошириш ва сайёҳлар учун қулай шарт-шароитларни кенгайтириш Бухоро вилоятининг туристик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири