Сайловлар демократик тамойиллар асосида ўтади
Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири бу инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш масаласидир. Ислоҳотлар жараёнида Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган энг илғор демократик тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини, сайлов ҳуқуқини янада кенгроқ таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда сайлов тизимининг шаффофлиги ва адолатлилигини ошириш мақсадида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Бу ислоҳотлар нафақат сайлов жараёнини, балки сайловчилар ишончини ҳам кучайтиришга қаратилган. Жумладан, сайлов участкаларининг сони кўпайтирилди, сайловчилар рўйхатини янгилаш ва такомиллаштириш жараёни оптималлаштирилди. Сайлов комиссиялари мустақил ва нейтрал бўлиши учун янги қоидалар жорий этилди. Бундан ташқари, сайловчиларга кенгроқ ахборот тақдим этиш ва уларни хабардор қилиш учун давлат ва мустақил оммавий ахборот воситаларига эркин кириш имкониятлари яратилди. Бу ислоҳотлар сайловчилар орасида ишончли ахборот етказиб беришни таъминлайди ва сайлов жараёнидаги ноаниқликларни бартараф этишга ёрдам беради.
Сайлов ислоҳотларининг энг муҳим жиҳатларидан бири электрон овоз бериш тизимининг жорий этилиши бўлди, бу эса сайловчиларга қулайлик яратиш ва сайлов жараёнини тезлаштиришда муҳим рол ўйнайди. Ривожланган мамлакатларда сайлов жараёнларида замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланилиши сайловнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашнинг асосий омили сифатида қаралмоқда. Ўзбекистон сайлов қонунчилигини ислоҳ қилиш борасида ҳам бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар сайлов жараёнларида очиқлик, адолат ва замонавийликни таъминлашга, шунингдек, сайловчиларнинг ҳуқуқларини кенгроқ кафолатлашга хизмат қилмоқда.

Сайловлар – демократик давлатлар тараққиётида ва фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари тизимида муҳим конституциявий-ҳуқуқий институт сифатида намоён бўлади. Сайлов овоз бериш орқали давлат органлари, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа тузилмаларни ташкил этиш воситаси ҳисобланиб, фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқини амалга ошириши - уларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишининг энг муҳим шаклларидан бири ҳисобланади. Демократия ва сайлов тушунчалари доимо ёнма-ён юради. Бу иборанинг маъносини мамлакатнинг бошқарув органларига ўтказиладиган сайлов жараёнларида бевосита халқнинг ҳамда улар сайлаган вакиллик органлари аъзоларини иштироки орқали ифодалаш мумкин.
Мамлакатимизда жорий йилда ўтказиладиган парламент сайловларига мавжуд партиялар қизғин ҳозирлик кўрган. Улар сайлов олдидан ўз дастурларини қайта кўриб чиқиб, сайловчилар учун долзарб масалаларни ёритувчи ва уларни ҳал қилишга қаратилган янги таклифлар билан сиёсий майдонга тушмоқда. Сиёсий партиялар ўртасидаги кураш асосан иқтисодий ривожланиш, ижтимоий адолат, коррупцияга қарши кураш ва таълим сифатини ошириш каби масалалар атрофида кечмоқда. Бу масалалар сайловчилар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда ва уларнинг қарор қабул қилишида муҳим рол ўйнайди. Ҳар бир партия сайловолди кампанияларида ўз дастурининг афзалликларини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда, шу жумладан, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш каби мавзулар эътибор марказида.
Партиялар ва номзодлар рақобатнинг кескинлашиши сабабли турли стратегияларни қўлламоқда, жумладан, халқ билан бевосита учрашувлар, ижтимоий тармоқлар орқали кампанияларни кенгайтириш, телевидение ва радио орқали дебатлар ташкил этиш каби жараёнлар ушбу стратегияларнинг яққол мисоли бўла олади. Сайлов кампаниялари давомида партиялар иқтисодий дастурлар, ижтимоий ислоҳотлар, миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат масалаларини тарғиб қилмоқда. Алоҳида эътибор ижтимоий тармоқлар орқали олиб борилаётган кампанияларга қаратилган. Замонавий технологияларни қўллаш партиялар ва номзодларга ёш сайловчиларга тез ва самарали тарзда етиб бориш имконини беради. Шу билан бирга, сўнгги вақтларда сайловолди кампанияларда “фейк” яъни ёлғон янгиликлар ва дезинформация билан курашиш муаммоси ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Бу сайловчиларнинг қарор қабул қилиш жараёнига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Сайлов жараёнининг очиқлиги ва адолатлилиги ҳар бир демократик сайловнинг асоси бўлиб, бу борада халқаро кузатувчиларнинг роли муҳим аҳамият касб этади. 2024 йилги сайловлар ҳам халқаро кузатувчилар фаол иштирок этмоқда. Халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар кузатувчиларининг сайловлардаги иштироки сайловни демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказишда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, халқаро кузатув фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларининг амалга оширилишини таъминлаш, сайлов жараёни амалиёти бўйича икки томонлама билим ва ахборот алмашишга хизмат қилиши билан бир қаторда мустаҳкам халқаро алоқаларни ўрнатиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Миллий сайлов тизими муттасил ривожланиб ва такомиллашиб бораётган Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини амалда таъминлашга йўналтирилган изчил ислоҳотлар юксак самара бермоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон нафақат ўз миллий сайловлари, балки референдумларини ўтказишда халқаро кузатишни амалга ошириш учун очиқдир. Сайлов жараёнида адолатли муҳит яратиш, барча партия ва номзодлар учун тенг имкониятлар таъминлаш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилган. Буларнинг барчаси сайлов жараёнининг ишончлилигини оширади ва сайловчилар ишончини мустаҳкамлайди.
Ёшлар сайловларда фаол қатнашаётган асосий бўғинлардан биридир. Ёшлар учун таълим сифатини яхшилаш, бандлик имкониятларини кенгайтириш ва уларга мослашувчан иш ўринларини яратиш бўйича таклифлар сайлов кампанияларининг муҳим қисми ҳисобланади. Барча сиёсий партиялар ёшлар учун кенг кўламли дастурларни таклиф этмоқда, жумладан, олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, халқаро грантлар ва стипендиялар сонини кўпайтириш, стартаплар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш каби соҳалар шулар жумласидан. Ушбу чора-тадбирлар нафақат ёшлар учун, балки бутун мамлакат иқтисодиёти учун ҳам муҳим стратегик аҳамиятга эга. Ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизими сўнгги йилларда сайловчилар орасида катта қизиқиш уйғотаётган муҳим мавзулардан бирига айланди. Ушбу соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг ҳаёт сифати ва фаровонлигини оширишга қаратилган бўлиб, сайлов кампанияларида ҳам долзарб масалалар сифатида кўтарилмоқда.
Мамлакатнинг ташқи сиёсатдаги устувор йўналишлари, қўшни давлатлар билан муносабатлар, халқаро ҳамкорлик ва миллий хавфсизликни таъминлаш масалалари ҳам партиялар дастурларида муҳим ўрин тутади. Жумладан, хавфсизликка таҳдид солувчи омиллар, терроризмга қарши кураш, чегара хавфсизлиги ва мудофаа қудратини ошириш бўйича таклифлар илгари сурилмоқда. Партиялар бу борада ўз позицияларини аниқ баён этиб, халқаро майдонда мамлакат манфаатларини ҳимоя қилиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалаларига катта эътибор қаратмоқда.
Парламент сайловлари мамлакатда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда муҳим ўзгаришларга олиб келиши кутилмоқда. Сайлов жараёнидаги рақобат, сайловчилар фаоллиги ва сиёсий партиялар таклиф этаётган дастурлар сайловнинг қизғин ўтишини таъминлайди.
Отабек Турғунбоев,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия
университети “Халқаро ҳуқуқ” факультети талабаси