Сайлов участкаларида иш қизғин
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва маҳаллий кенгашларга жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларга Сурхондарё вилоятидаги сайлов участкаларида пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва маҳаллий кенгашларга жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларга Сурхондарё вилоятидаги сайлов участкаларида пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Вилоятда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 11 та, халқ депутатлари вилоят кенгашига 60 ва туман, шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи 409 та округ сайлов комиссиялари тузилди. Сайлов куни фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, овоз бериши учун 785 сайлов участкаси шакллантирилиб, янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида барча шароитлар яратилди.
– Бу йилги сайловлар ўтган йиллардагидан фарқ қилаётир, – дейди халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси раиси Ш.Бойқулов. – Аввало сайловларда очиқлик ва ошкораликни таъминлашга, умумэътироф этилган халқаро мезонлар асосида ўтказишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу йил мамлакатимизда илк марта бешта сиёсий партиядан номзодлар илгари сурилаётгани ҳам муҳим бу жараённи сифатли ташкил этишга масъулиятни оширмоқда. Шунга мувофиқ комиссиямиз аъзолари ҳудудларга бириктирилиб, жойларда сайлов участкалари ишини ташкил этишга яқиндан кўмаклашмоқда.
Вилоятда сайловчиларнинг Бош қомусимизда белгилаб қуйилган ҳуқуқларидан фойдаланиб, овоз беришини таъминлаш учун участка сайлов комиссияларига сайлов қонунчилигимиздан хабардор ва муайян тажрибага эга аъзоларни сайлашга алоҳида эътибор қаратилиб, сайлов участкалари энг замонавий биноларга жойлаштирилди. Зарур ахборот-коммуникация технологиялари ва мебеллар билан жиҳозланди. Овоз бериш хонаси ва махсус қути ўрнатилди. Сайлов участкасининг харитаси, номзодлар учун кўчма стендлар, қонунлардан кўчирмалар ва ахборот стендлари, сайловчилар рўйхати учун стендлар билан таъминланди. Сайловчилар яқиндан таниши учун номзодларнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастурлари барча учун қулай кўринарли жойларга илиб қўйилди.
Воҳанинг энг йирик ҳудудларидан бири бўлган Денов туманида сайлов куни 226 мингга яқин фуқаронинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши кутилмоқда. Муҳим сиёсий кампанияда сайловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида 103 та сайлов участкаси тузилиб, таълим муассасалари ва бошқа замонавий биноларга жойлаштирилди.
Тумандаги 649-сайлов участкаси 50-умумтаълим мактаби биносида фаолият юритаётир.
Участка сайлов комиссияси раиси З.Султонованинг таъкидлашича, бу ерда Боғи эрам маҳалласининг 2 минг 800 дан ортиқ фуқароси овоз беради. Бунинг учун зарур қулайлик яратилган. Аҳоли, айниқса, ёш сайловчилар ўртасида сайлов қонунчилиги бўйича тарғибот ишлари яхши йўлга қўйилган.
Шўрчи туманидаги 2-касб-ҳунар мактабида ташкил этилган 464-сайлов участкасида ҳам муҳим сиёсий кампанияга тайёргарлик ишлари қизғин паллага кирди. 1 минг 500 дан ортиқ сайловчи овоз бериши кутилаётган участка сайлов комиссияси аъзолари участкада барча қулайликларни яратиш баробарида “Ғармақўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинида уйма-уй юриб, сайловчиларнинг аниқ рўйхатини шакллантирди.
– Сайловларни юксак савияда ўтказиш учун етарли шароит яратилди, – дейди участка сайлов комиссияси раиси Н.Қурбаназарова. – Бу ишларни амалга оширишда маҳалла фаоллари ҳам иштирок этди. Шу кунларда сиёсий партиялардан парламент ва маҳаллий кенгашларга кўрсатилган номзодларнинг ўз сайловчилари билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашяпмиз. Сайлов қонунчилиги бўйича тарғибот тадбирлари ташкил этиб, Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти ва бу йилги сайловларнинг ўтган сайловлардан фарқини атрофлича тушунтиряпмиз.
Яқинлашаётган муҳим сиёсий кампанияда Сариосиё туманида 122 мингдан ортиқ сайловчининг овоз бериши кутилаётир. Сайловларда уларнинг иштирокини таъминлашга етарли қулайлик яратиш учун 66 сайлов участкаси ташкил этилиб, тегишли тартибда жиҳозланди. Сайлов участкаси жойлашган бинолар тартибга келтирилиб, ободонлаштирилди.
– Сайлов – келгуси беш йилликда юртимизни ривожлантиришнинг истиқболли йўлини белгилаб берадиган муҳим жараён, – дейди тумандаги 731-участка сайлов комиссияси аъзоси Н.Маҳмудова. – Шу боис ҳам халқимиз сиёсий кампанияга катта қизиқиш билан қарамоқда. Сайлов куни участкамизда
Афросиёб маҳалласида яшайдиган 2 минг 300 дан ортиқ фуқаро ўзлари танлаган номзодлар учун эмин-эркин овоз беради. Айни кунларда улар номзодлар учрашувларида фаол иштирок этиб, сайловолди дастурлари билан яқиндан танишаётир. Бу ҳар бир сайловчи учун энг муносиб номзодни танлашда алоҳида ўрин тутади.
Маълумотларга кўра, 22 декабрь куни вилоятда 1 миллион 532 мингдан ортиқ фуқаронинг овоз бериши кутилаётир. Жойларда олиб борилаётган ишлар бу кампанияни байрамона руҳда очиқ, ошкора ва умумэътироф этилган тамойиллар асосида ўтказиш учун пухта замин яратаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.