Сайлов тенг ҳуқуқликда ўтказилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 4-Жиззах округ сайлов комиссиясида тасдиқланган медиа-режага асосан Марказий сайлов комиссиясининг сиёсий партиялар учун бепул эфир вақти ва нашр майдонини тақсимлаш, сайловолди ташвиқотига оид қарори қабул қилинганлиги муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.
4-Жиззах округ сайлов комиссияси матбуот маркази ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда округ сайлов комиссияси раиси, аъзолари, сиёсий партиялар ҳамда республика ва маҳаллий оммавий ахборот вакиллари иштирок этди.
Анжуманни 4-Жиззах округ сайлов комиссияси матбуот маркази раҳбари Фарҳод Неъматов бошқарди.
Матбуот анжумани кун тартибидаги мавзу юзасидан 4-Жиззах округ сайлов комиссияси раиси Шавкат Шарипов йиғилганларга батафсил ахборот берди.

Оммавий ахборот воситалари ходимларини Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 17 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги қарорининг мазмун-моҳияти ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг жорий йилнинг 14 апрелидаги 1068-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низоми талаблари билан таништирди.
Матбуот анжумани сўнггида тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид ўзларини қизиқтирган барча саволларига 4-Жиззах округ сайлов комиссияси масъулларидан батафсил жавобди.

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА