Сайлов демократик тамойиллар асосида ўтади
Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни белгиланган сайлов қонунчилиги асосида юксак савияда ўтказиш билан боғлиқ қатор масалалар кўриб чиқилди.
Мажлисда 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси раиси, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Саттаров, Марказий сайлов комиссияси аъзоси М.Қодировалар мамлакатимизда Президент сайлови илк марта 2019 йил 25 июнда қабул қилинган Сайлов кодекси талаблари асосида ўтказилаётгани ҳақида атрофлича маълумот берди.

Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 9 августидаги қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларида муҳим сиёсий жараённи ташкил этувчи 14 та сайлов округи тузилгани ва вилоятда округ сайлов комиссиясининг фаолият юритиши учун барча шароит яратилгани хусусида фикр алмашди. Шунга мувофиқ Термиз шаҳрида Президент сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси ўз ишини бошлагани қайд этилди.
Миллий қонунчилигимизга кўра, округ сайлов комиссияси округ ҳудудида сайлов кодекси ижроси устидан назоратни амалга ошириб, унинг бир хил қўлланилишини таъминлайди. Сайлов участкаларини тузиб, округ бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилайди.

Манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади. Сайловчиларнинг ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилади. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирлар, яьни, ўқув машғулотлари, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа анжуманларни ўтказади.
Дастлабки мажлисда Округ сайлов комиссияси аьзолари комиссиянинг иш режаси, вазифалар тақсимоти, иш ҳужжатлари номенклатураси, навбатчилик жадвалини тасдиқлаш каби муҳим масалаларни муҳокама этиб, тасдиқлади. Галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА