Савобли амаллар – виждон иши
Бугун бутун дунё халқлари, шу жумладан, биз учун ҳам синовли пайт.
Бугун бутун дунё халқлари, шу жумладан, биз учун ҳам синовли пайт. Юксак тараққий этган ёки ривожланаётган, иқтисодий, сиёсий қийинчиликларни бошидан кечираётган давлатлар биргина ёв – коронавирусга қарши курашмоқда. Касаллик бой ёки камбағал, амалдор ёки ишсизни ажратиб ўтиргани йўқ. Белгиланган тиббий-санитария меъёрларига, карантин қоидаларига амал қилмаса, ҳеч ким бу хасталикдан холи эмас.
Ана шундай мураккаб вазиятда, айниқса, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган кишилар, беморлар, ишсизлар кундалик эҳтиёж учун озиқ-овқат маҳсулотларига кўпроқ зарурият сезмоқда. Кўп давлатлар бундай тоифадаги фуқароларига зарур ёрдам кўрсатмоқда. Бизда ҳам бу борада давлат томонидан керакли чоралар кўрилди.
Шу билан бирга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати йўлга қўйилиб, тадбиркорлар, саховатли юртдошларимиз эҳтиёжманд оилаларни ўз қарамоғига олмоқда. Бунга ҳеч ким мажбур қилинаётгани йўқ. Ҳар ким ўз виждон амри билан бу хайрли ишга қўл урмоқда.
Мен яқинда туманимиздаги бир электр устаси ўз ойлик маошидан орттирган пули ҳисобидан кам таъминланган оилага ёрдам берганини эшитиб, жуда таъсирландим.
Тадбиркор ака-укаларим билан маслаҳатлашиб Ғўс қишлоғимиздаги 600 га яқин оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатдик. Шунингдек, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими қошидаги ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига 900 оилага мўлжаллаб ун, ўсимлик ёғи, гуруч, шакар маҳсулотлари келтириб бердик
Бундан ташқари ўзимизнинг 40 нафардан ортиқ ишчи-ходимларимизни ҳам ўз қарамоғимизга олганмиз. Уларга иш ҳақидан ташқари озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатяпмиз.
Буни тадбиркор сифатида давлатимиз ва халқимиз олдидаги бурчимиз деб биламан. Қолаверса, бугунги рўзаи рамазон кунларида бундай хайрли амаллар ҳар бир мусулмоннинг виждон ишидир.
Равшан ДОНИЕВ,
Ургут туманидаги “Urgut fresh gardens”
агрофирмаси раҳбари.