Савдо-саноат палатаси: муаммолар очиқ айтилди, ечимлар муҳокама қилинди
Тадбиркорлик соҳасида хотин-қизларнинг фаоллигини янада ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва фаолияти давомида дуч келаётган масалаларга амалий ечим топиш мақсадида Савдо-саноат палатасида тадбиркор аёллар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда Божхона қўмитаси раисининг маслаҳатчиси У.Пирмуҳамедова ҳамда қўмитанинг бир гуруҳ масъул ходимлари иштирок этди.
Очиқ мулоқот давомида тадбиркор аёлларнинг фаолиятида учраётган муаммолар, уларнинг амалий таклиф ва ташаббуслари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш жараёнида юзага келаётган масалалар, божхона расмийлаштирувини соддалаштириш, тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган имкониятлар ва мавжуд имтиёзлар хусусида фикр алмашилди.

Шунингдек, хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш ҳамда мурожаатларда кўтарилаётган масалаларга тезкор ва амалий ечим топишга алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда тадбиркорларга божхона соҳасида яратилаётган қулайлик ва енгилликлар, амалдаги тартиб-таомиллар ҳамда улардан самарали фойдаланиш имкониятлари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаоллиги йил сайин ортиб бормоқда. Жумладан, 2018 йилда якка тартибдаги тадбиркор аёллар сони 69,8 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб ушбу кўрсаткич 129,6 минг нафарга етган.
Аёллар раҳбарлигидаги тадбиркорлик субъектлари сони ҳам изчил ошиб бормоқда. 2024 йилда уларнинг сони 100,7 мингтани ташкил этган бўлса, 2025 йилда 112,5 мингтага етди. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса мазкур кўрсаткич қарийб 120 мингтани ташкил этди.

Бу рақамлар хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий ҳаётидаги иштироки ва тадбиркорликдаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
Очиқ мулоқот якунида тадбиркор аёлларни қийнаётган масалаларни ўрганиш, билдирилган таклиф ва ташаббусларни тегишли тартибда кўриб чиқиш ҳамда уларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирларни белгилаш юзасидан келишиб олинди.
Ш.Маматуропова, ЎзА