Савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгаяди
Икки мамлакат Президентларининг шахсий ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари туфайли ўзаро алоқалар нафақат савдо-иқтисодий, инвестициявий, балки илмий, технологик, ижтимоий-маданий, интеллектуал ҳамкорлик соҳаларида ҳам изчил ривожланмоқда.
22 октябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Корея импортчилар уюшмаси (КОИМА) ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Корея импортчилар уюшмаси 1970 йил Корея Республикаси ҳукумати қарори билан ташкил этилган. Кореялик импортчилар, дистрибьюторлар, хорижий ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар вакиллари ассоциацияси бўлган мазкур ташкилот фаолиятининг асосий мақсади товар, хомашё ва хизматлар импортини енгиллаштиришдир.
Форумда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов Ўзбекистон ва Корея ишончли шериклар эканини таъкидлади.
– Икки мамлакат Президентларининг шахсий ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари туфайли ўзаро алоқалар нафақат савдо-иқтисодий, инвестициявий, балки илмий, технологик, ижтимоий-маданий, интеллектуал ҳамкорлик соҳаларида ҳам изчил ривожланмоқда. Давом этаётган глобал инқирозга қарамай, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабат ижобий ўзгаришларни намойиш қилмоқда.
Корея импортчилар уюшмаси (КОИМА) раҳбари Хонг Кван Хи мамлакатларимиз вақт синовидан ўтган стратегик шериклар эканини қайд этаркан, ҳамкорликдаги ишлар натижасида савдо-иқтисодий алоқалар барча йўналишларда изчиллик касб этаётганига эътибор қаратди.
Учрашувда икки томонлама манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, шунингдек, Ўзбекистон ва Корея ўртасида товар айирбошлашни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоиз, ушбу учрашув тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, хусусан, халқаро савдо учун қулай шароитлар яратишга хизмат қилади.
Маълумки, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли маҳсулотларни жаҳон бозорига чиқариш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятидан унумли фойдаланишга қаратилган сиёсат туфайли кейинги йилларда нафақат экспорт географияси кенгаймоқда, балки маҳсулотлар тури ва кўлами ҳам ортмоқда.
Масалан, сўнгги икки йилда Ўзбекистон кўплаб ҳамкор мамлакатлар қатори Жанубий Кореяга ҳам озиқ-овқат ва енгил саноат маҳсулотлари экспортини йўлга қўйди.
Корея Республикаси Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий шерикларидан бири ҳисобланади. 2020 йилнинг саккиз ойи давомида ўзаро савдо айланмаси 1 миллиард 449 миллион долларни ташкил этгани ҳам Жанубий Корея Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолиятида муҳим ўрин эгаллашини кўрсатади.
Ўзбекистоннинг экспорт-импорт амалиётида корейс компаниялари ҳам муҳим рол ўйнамоқда. 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, мамлакатимизда корейс капитали иштирокида 863 корхона фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон иқтисодиётига ҳозиргача Корея Республикаси киритган жами инвестициялар миқдори 7 миллиард доллардан ошди.
Форумда икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айрбошлаш ҳажмини ошириш, мамлакатларимиз ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон экспортчиларининг Корея бозорига чиқишини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама этилди.