Саудияга шарт: Исроил тан олинса, ядро сари қадам ташланади
Президент Дональд Трамп Саудия Арабистони билан тинч мақсадга йўналтирилган ядровий энергетика бўйича келишувни Конгрессга юборди. Ҳужжат кучга кириши учун Ар-Риёд Исроил билан дипломатик муносабатни меъёрига келтириши шарт. Битим тасдиқлангач, АҚШ компаниялари Саудияга ядровий технология экспорт қилиши мумкин бўлади.
30 йилга мўлжалланган ҳужжат доирасида AP1000 реакторлари барпо этилади. Қиймати ўнлаб миллиард долларга баҳоланаётган лойиҳани Конгресс 90 иш куни давомида кўриб чиқади ва рад этади ёки маъқуллайди.
Трамп маъмуриятининг қараши ҳали ўзгармаган: Ар-Риёд Тель-Авив билан муносабатни яхшилаш учун “Иброҳим келишуви”га қўшилмаса, ядровий битим амалга ошмайди. Саудия томони эса Исроилни тан олишдан олдин Фаластин давлати барпо этилиши бўйича ортга қайтмайдиган жараён талаб қилмоқда. 2023 йил музокара анча илгари силжиган бўлса-да, Ғазодаги уруш вазиятни яна салбий томонга ўзгартирган.
Мазкур келишув ядровий қурол тарқалишининг олдини олиш нуқтаи назаридан ҳам баҳсга сабаб бўлмоқда. Айрим демократ конгрессменлар ва экспертлар ҳужжатда Саудиянинг уранни бойитиш ёки ядровий чиқиндини қайта ишлаш имкониятини чеклаш талаби йўқлигига эътибор қаратган.
Мусулмон Зиё, ЎзА