Саудия Арабистони энергетика объектлари хусийлар ҳужумига учради
Саудия Арабистони Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, сешанба куни эрталаб мамлакатнинг жанубий ҳудудларидаги бир қатор энергетика объектлари ва иншоотлари хусийлар гуруҳи томонидан ҳужумга учраган.
Таъкидланишича, ҳужумлар оқибатида ёнғинлар юзага келиб, айрим жойларда ишлаб чиқариш вақтинча тўхтатилган, шунингдек, маҳаллий аҳоли ва чет эл фуқаролари орасида жароҳатланганлар қайд этилган.
Мамлакат расмийлари ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича зарур чораларни кўришга киришганини билдирди. Махсус қутқарув ва соҳа мутахассислари ёнғинларни жиловлаш, объектлар хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва етказилган зарарни баҳолаш ишларини олиб бормоқда. Турли даражадаги тан жароҳати олган шахсларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги хусийларнинг Абҳа, Хамис-Мушайт, Жизан ва Нажрон шаҳарларидаги фуқаролик ҳамда иқтисодий объектларга уюштирган ҳужумларини кескин қоралади. Шунингдек, Қироллик ўз суверенитетини ҳимоя қилиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун барча қонуний чораларни кўриш ҳуқуқига эга эканини билдириб, ўз ҳудуди ва ресурсларига бўлган ҳужумларга тоқат қилинмаслигидан огоҳлантирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА