SAT сертификатига эга абитуриентлар учун қўшимча давлат гранти: кимлар имтиёздан фойдалана олади?
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига қабул жараёнида юқори натижа қайд этган абитуриентларни қўллаб-қувватлаш мақсадида SAT сертификатига эга ёшлар учун қўшимча давлат грантлари ажратилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотига кўра, халқаро даражада тан олинган “Scholastic Aptitude Test – SAT” имтиҳонидан 1200 ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентлар мазкур имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Қўшимча давлат грантлари олий таълим муассасаларининг кундузги таълим шаклидаги, фанлар мажмуаси математика ва чет тилидан иборат бўлган бакалавриат таълим йўналишлари учун ажратилади.
Қўшимча грант ўринлари қабул параметрининг 50 фоизи миқдорида белгиланади. Абитуриентнинг SAT бўйича тўплаган бали асосий мезон сифатида қабул қилинади. Бундан ташқари танловда абитуриент танлаган бештагача олий таълим муассасаси ва таълим йўналиши ҳисобга олинади. SAT сертификатига эга абитуриентлар ушбу имтиёздан фойдаланиш ёки умумий тартибда тест натижалари асосида танловда иштирок этишни мустақил танлаши мумкин.
Мутахассислар фикрича, мазкур янгилик халқаро баҳолаш тизимларида юқори натижа кўрсатган иқтидорли ёшларни рағбатлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, у мактаб ўқувчиларининг халқаро стандартлар асосида билим олишга бўлган қизиқишини ошириш, чет тили ва математика фанларини чуқур ўзлаштиришга қўшимча туртки беришда муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда SAT сертификатига эга абитуриентлар учун алоҳида қабул механизмининг жорий этилиши Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро таълим стандартларига интеграциялашувини янада кучайтириши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА