Сармоя янги лойиҳаларга асос бўлмоқда
Бухоро туманида Хитой технологияси ва сармояси асосида фаолият юритаётган корхоналар сафи кенгаймоқда.
Жумладан, “MILMAXTRADE” МЧЖ лойиҳаси асосида мева-сабзавотни етиштириш ва қайта ишлаш, қадоқлаш ва харидорларга етказиб бериш агрокластери фаолиятини йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда.

Бунда тадбиркор Нуриддин Нурмуҳаммедов лойиҳаси уч босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда сабзавот етиштириш имконига эга умумий майдони 20 гектарли иссиқхона барпо этиш, иккинчи босқичда етиштирилган маҳсулотларни сақлашга мўлжалланган сиғими 3 минг 100 тонна ҳажмга эга музлаткич омборхона қуриш, учинчи босқичда эса 6 минг тонна маҳсулотни қуритиш, сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш заводини бунёд этишга киришилган.
Лойиҳани рўёбга чиқариш учун умумий қиймати 27 миллион АҚШ доллари сарфланади. Бунда “Миллий банк” вилоят филиали тадбиркорни 17 миллион АҚШ долари миқдоридаги кредит маблағи билан қўллаб-қувватламоқда.

Эндиликда “Кўчкўмар” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам хитойлик сармоядорлар ташаббуси билан масъулияти чекланган жамият шаклидаги “GOLDEN PHEONIX” хорижий корхонаси ўз фаолиятини бошламоқда. Бу лойиҳага Хитой томонидан 500 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган. Туманда етиштирилаётган товуқ оёқлари(панжалари)ни махсус шароитда қайта ишлаб, Хитой, Тайван, Гонконг, Россия ва Белоруссия каби давлатларга экспорт қилиш кўзда тутилган.
Айни пайтда мазкур лойиҳа шу йилнинг февраль ойида тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири