Сарҳисоб: муаммолар, ютуқлар ва режалар
Андижонда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилояти бўлимининг 2021–2025 йиллардаги фаолияти таҳлилига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари, уюшма аъзолари, фахрий журналистлар ҳамда соҳа фаоллари иштирок этган йиғилишда мамлакатимизда журналистика соҳасини ривожлантириш, сўз эркинлигини таъминлаш ва медиа маконни янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, уюшманинг кейинги беш йиллик фаолияти атрофлича муҳокама қилинди.
Дастлаб, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Андижон вилояти бўлими раиси Махпурахон Артиқованинг ҳисоботи тингланди. Маърузада кейинги беш йил давомида оммавий ахборот воситалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш кадрларни соҳага жалб этиш ҳамда жамоаларда ижодий муҳитни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Айни кунда вилоятда 2 та телевидение, 20 га яқин босма ва интернет нашрлар фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, республика оммавий ахборот воситаларининг 20 нафарга яқин мухбири ҳам самарали иш олиб бормоқда. Улар томонидан аҳоли ва кенг жамоатчилик тезкор ва холис ахборот билан таъминланмоқда.
Йиғилишда Балиқчи тумани “Ғалаба” газетаси муҳаррири Шаҳзода Каримова, фахрий журналистлар Нажмиддин Эргашев, Бекмирза Мадраҳимов, Қобилжон Асқаров, Феруза Мирзаолимова бўлимнинг ўтган беш йил давомидаги фаолияти, ютуқ ва камчиликлари хусусида сўз юритиб, бўлим фаолиятини ижобий баҳолади.
[gallery-29542]
Шунингдек, йиғилишда соҳадаги ютуқлар билан бир қаторда мавжуд муаммоларни бартараф этиш, айниқса, босма нашрларни қўллаб-қувватлаш, рақамли журналистикани ривожлантириш, медиа саводхонликни ошириш, соҳага қизиқадиган иқтидорли ёшларни тарбиялаш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Йиғилишда “Халқ сўзи” газетасининг Андижон вилояти мухбири Саминжон Ҳусанов уюшма вилоят бўлимига янги раис этиб сайланди.
Шунингдек, йиғилиш кун тартибига асосан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг навбатдаги қурултойида иштирок этиш учун делегатлар сайланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.