Жарима майдонидаги 291 та автотранспорт воситаси
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун қўлланилган маъмурий жарималарни ундириш ишлари олиб борилмоқда.
Бу борада Нукус шаҳри ва бошқа туманларнинг марказий кўчаларида ҳамкорликда “AutoCon-SC/M-online” рейд тадбирлари мунтазам равишда ўтказилмоқда. Хусусан, биргина жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган тадбирлар давомида жами 19,8 миллиард сўмлик 1 минг 615 та ижро ҳужжати бўйича қарздорларнинг номида автотранспорт воситалари мавжудлиги аниқланди.
Шундан рейд тадбирлари давомида қидирувда бўлган 291 та автотранспорт воситаси махсус жарима майдончаларига жойлаштирилди. Натижада 12,3 миллиард сўмлик 789 та ижро ҳужжати ижроси таъминланган бўлиб, 7,5 миллиард сўмлик 826 та ижро ҳужжати бўйича 89 та автотранспорт воситасини баҳолатиш ҳамда реализация қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозирда, қарздорлигини ўз вақтида бартараф этмаган ҳамда қидирувда бўлган қарздорларга тегишли автотранспортларни топиш борасида тезкор чоралар кўрилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.