Сардобада солиқчи қўлга тушди
Коррупция ва таъмагирлик давлат ва жамият ривожига тўсқинлик қиладиган энг катта муаммодир. Минг афсуски, бугунги кунда моддий манфаатдорлик эвазига кимгадир имтиёз бериш, ёхуд бирор фаолиятни амалга оширмаслик эвазига пора олаётганлар кўпайди.
Сирдарё вилояти Сардоба тумани ДСИ ходими М.Ш. тадбиркор Х.Н.нинг фаолиятига нисбатан ўтказилган камерал солиқ текширувлари жараёнида 17 миллион сўм қўшимча солиқ ҳисоблаб, ушбу солиқ миқдорини камайтириб бериш эвазига 5 миллион сўм миқдорида пул мукофоти талаб қилган. Бундан ташқари, у Х.Н.нинг савдо дўконида текширувлар ўтказмаслик эвазига ҳар ойда 2 миллион сўмдан пул бериб туриши лозимлигини айтган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида М.Ш. Х.Н.дан талаб қилинган 5 миллион сўм пул маблағини олган вақтда жиноят устида қўлга олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан ИЖҚКД Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан М.Ш га нисбатан ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ш.Суяров,
ЎзА