Сардобада энди каннабис етиштирилади
Республика Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда мальта давлатининг “Melabis” компанияси ўртасида тиббий мақсадларда фойдаланиш учун каннабис етиштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ушбу меморандумга кўра Сардоба туманида 3 минг гектар майдонга саноат учун каннабис етиштириш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Дастлабки йил 500 гектар майдонга каннабис экиш кўзда тутилган бўлиб, кейинги 3 йил ичида ушбу ўсимликнинг экин майдонини 3 минг гектаргача кенгайтирилиши режалаштирилмоқда.
Марказий Осиё иқлими каннабис ўсимлигини етиштириш учун қулай бўлиб, уни етиштиришга пахтага қараганда 10 марта камроқ сув сарфланар экан. Энг муҳими ундан фақатгина тиббий мақсадларда фойдаланиш кўзда тутилганидир.
Мазкур ўсимлик саноат шароитида қайта ишланиб, тайёр маҳсулот шаклига келтирилганда, унинг таркибидаги тетрагидроканнабинол (THC) атиги 0,1-0,2 фоизни ташкил қилиши ва бу ундан бошқа мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиши ҳамда маҳсулотнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) талабларига тўла мос келиши айтилмоқда.
Сардоба туманида йўлга қўйилиши кутилаётган мазкур лойиҳани амалга оширишга 33 миллион АҚШ доллари бошланғич инвестиция киритилади. Ушбу лойиҳа амалга ошириладиган бўлса, Сирдарё вилоятида юқори технологияли завод ва хом ашёни қайта ишлайдиган тегишли лабораториялар қурилиши талаб этилади. Бу эса 100 та янги иш ўрни яратилишини кафолатлайди.
Қайта ишланган тайёр каннабис маҳсулоти асосан экспортга йщналтирилади.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА