Сардоба туманида “Оналар боғи” ташкил этилди
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасининг 2-мавсуми Сирдарё вилоятида ҳам уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида “Оналар яшил макон сари” акцияси ташкил этилди.
Мазкур тадбирда вилоят “Оқила аёллар” ҳаракати, "Бувижонлар мактаби" аъзолари ва бир гуруҳ етакчи хотин-қизлар фаол иштирок этди. Тадбир иштирокчилари махсус ташкил этилган автобусда Сардоба туманига йўл олишди.
Сардоба тумани “Қўрғонтепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Оналар боғи” ташкил этилиб, акция иштирокчилари томонидан 100 дан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар ва арча кўчатлари экилди.
–Табиатни, яшил оламни кўз қорачиғидек аcраш миллий қадриятларимизга хос бўлган одатдир, – дейди “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоси Мамлакат Бегманова. – Бугун ташкил этилган “Оналар боғи”га ҳиссам қўшилганидан мамнунман.
Вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан ташкил этилган “Оналар яшил макон сари” лойиҳаси доирасида вилоятнинг туман-шаҳарларида шу кунга қадар 74 та “Оналар боғи” ташкил этилди.
Ш. Суяров,
Ш. Ортиқбоев,(суратлар), ЎзА