«Сардоба» тошқини оқибатлари қандай бартараф этилмоқда?
Бугунги кунга қадар 69 минг 796 нафар аҳоли ўз яшаш манзилларига қайтарилган бўлса, қарийб 20 минг нафари кўчирилган ҳудудларда яшамоқда.
Ҳолат юзасидан эълон қилинган дастлабки маълумотларни қайта ўрганган ишчи гуруҳлари бугунги кун ҳолатига талофат кўрган хонадонлар 4 710 та, шундан 2 211 та яроқсиз ва 2 499 таси таъмирталаб ҳолатда эканлигини аниқлади. Бугунги кунга қадар 69 минг 796 нафар аҳоли ўз яшаш манзилларига қайтарилган бўлса, қарийб 20 минг нафари кўчирилган ҳудудларда яшамоқда.
- Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида аниқланган қарийб икки мингта таъмирталаб уйлар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар кесимида таъмирлаш учун тақсимланган, - дейди Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Жалол Арашев. - Таъмирланиши режалаштирилган уйларга 562 та пудратчи ташкилот танланиб, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Энг аввало, шуни айтиш керакки, кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бўладими ёки аҳоли хонадонлари таъмири бўладими қурувчиларга қўйилган биринчи талаб сифат, иккинчиси муддат ва учинчиси аҳоли розилигига эришиш.
Пудрат ташкилотлари том ишларини деярли тугаллаб, ром, дераза ва эшиклар ўрнатиш, ички ва ташқи пардозлаш, ташқи деворларни таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини олиб бормоқда.
Шу кунларда кўп қаватли уй-жойларга етказилган талафотларни бартараф этиш борасидаги ишлар ҳам жадал бормоқда. Чора-тадбирлар режасига кўра, куз ойларига қадар кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилган.Хусусан, Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги 36 та кўп қаватли уйни таъмирлаш бўйича лойиҳалар экспертизадан ўтказилди.
Ҳозирги ҳисоб- китобларга кўра, кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш ва уларга туташ ҳудудларини ободонлаштириш ишлари учун сал кам йигирма миллиард сўм талаб этилади. Шунингдек, Сардоба тумани «Дўстлик» маҳалласи ҳудудида сув тошқини натижасида яроқсиз ҳолатга келган қарийб 400 хонадонга эга 39 та кўп қаватли уй бузилди.
Янги уй-жойлар массиви қурилиши ҳам тезкорлик билан олиб борилмоқда. Ҳозирда сув тошқини оқибатида уй-жойларига жиддий зарар етган фуқаролар учун 52 гектардан кўпроқ майдон танланиб, 2 640 та хонадонга эга 66 та кўп қаватли тураржой биноларини қурилиши бошлаб юборилган.
Учта массивда кўп қаватли уй-жойлар қурилишида буюртмачи Сирдарё вилоят ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инженеринг компанияси ва пудратчилар ўртасида тузилган шартнома асосида 200 миллиард сўм молиялаштирилди.
Қайд этиш керакки, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида аҳоли хонадонларидан ташқари 34 ижтимоий соҳа объекти қисман ва тўлиқ даражада талофат кўрган. Жумладан, ўнга яқин мактабгача таълим, ўндан ортиқ умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш керак. Шунингдек, Сардоба туманининг «Дўстлик» маҳалласида қурилаётган янги уй жойлар массивида 660 ўринли умумтаълим мактаби ва 275 ўринли мактабгача таълим ташкилоти бинолари қурилади.