Саратонни эрта аниқлаш – аҳоли саломатлигини асрашдаги устувор вазифа
Скринингда ўзгаришлар аниқланиши ҳали саратон ташхиси дегани эмас. Буни шифокор белгилаган қўшимча текширувлар аниқлайди.
Тиббиёт қанчалик ривожланмасин, айрим хасталикларнинг олдини олиш ва уларни ўз вақтида аниқлаш ҳамон долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Айниқса, хавфли ўсма касалликлари ҳақида гап кетганда, вақт ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Замонавий тиббиётда скрининг – ҳеч қандай шикоят ёки оғриқ бошланмасидан олдин саратон ҳамда унинг хавф олди ўзгаришларини режали ва мақсадли аниқлашнинг энг ишончли усули ҳисобланади. Чунки эрта ташхисланган касалликни даволаш анча осон ва даво самарадорлиги юқори бўлади. Шу боис, юртимизда саратон хасталикларини эрта аниқлаш мақсадида скрининг дастурлари жорий этилган.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори Бекзод Усмонов скрининг текширувларининг аҳамияти, келгусида ушбу дастурларнинг қайси ҳудудларга кенгайиши ҳақида батафсил маълумот берди:
– Саратонни эрта аниқлаш — аҳоли саломатлигини асрашдаги устувор вазифа. Мамлакатимизда бу борада мустаҳкам ҳуқуқий ва ташкилий замин яратилмоқда. Скрининг бу, шикоят бошланишидан олдин белгиланган ёшдаги аёллар орасида саратон ва унинг хавф олди ўзгаришларини режали аниқлашдир. Эрта ташхисланган касалликни даволаш анча осон, натижаси эса самаралироқ бўлади.
Президентимизнинг 2024 йил 22 ноябрдаги “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2025-2030 йилларда Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастури қабул қилинган. Унга кўра, юртимизда 30 ёшдан 65 ёшгача бўлган аёлларнинг электрон рўйхати шакллантирилиб, кўрикка таклиф этилмоқда. Бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш мақсадида 30 ёшдан 50 ёшгача бўлган аёллар одам папиллома вирусига ПЦР суюқлик цитологияси орқали текширилмоқда. Кўкрак бези саратонига текшириш учун 30 ёшдан 65 ёшгача бўлган аёллар икки йилда бир марта кўрикдан ўтказилади. Бунда 45 ёшгача ультратовуш, ундан сўнг эса маммография қўлланилади. Скрининг натижасида аниқланган онкологик касалликларини ташхислаш ва даволаш харажатларининг давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг муҳим кафолатидир.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 июндаги “Саратон касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида“ги қарори билан ислоҳотлар янги босқичга чиқди. Ушбу ҳужжатда бачадон бўйни, кўкрак бези, йўғон ичак, ошқозон, простата бези ва ўпка саратони бўйича мақсадли текширувлар қамровини камида 60 фоизга етказиш вазифаси қўйилган. Шу касалликларни иккинчи босқичда аниқлаш улуши 30 фоиздан 40 фоизга оширилади. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан эса ушбу йўналишлар бўйича тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш чора-тадбирлари ҳам тасдиқланди. Келгуси йилларда асосий вазифалардан бири эрта аниқлаш хизматларининг ҳудудий қамровини кенгайтиришдир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва халқаро экспертлар иштирокида тайёрланган миллий дастур асосида ошқозон, йўғон ичак, ўпка, простата бези саратонини эрта аниқлаш тадбирлари 2027 йил 1 январдан Самарқанд вилоятида бошланади. Бунда текширувлар касаллик тури ва хавф омилларига мувофиқ ташкил этилади.
Кейинчалик дастур ҳудудларга босқичма-босқич кенгаяди. 2028 йилда Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари, 2029 йилда Бухоро, Хоразм, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё, 2030 йилда эса Қорақалпоғистон, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари қамраб олинади.
Текширувлар аниқлиги ва тезкорлигини ошириш учун эндоскопик диагностика кенгайтирилади. Патоморфологик лабораториялар модернизация қилинади. Молекуляр-генетик ташхислаш ривожлантирилади. Канцер регистр тизими такомиллаштирилиб, тиббий тасвирлар ва лаборатория маълумотлари рақамли тизимга уланади. Бу беморни керакли мутахассисга тезда йўналтириш имконини беради.
Кадрлар малакасини ошириш мақсадида эса 2027 йилдан ҳудудларда тиббиёт ходимлари босқичма-босқич ўқитилади. Етакчи хорижий марказларда малака ошириш курслари ташкил этилади.
Бу борада аҳолининг фаоллиги ҳам муҳим. Ҳамюртларимиздан скрининг таклифини қабул қилиш ва оилавий шифокор тавсиясига амал қилишларини сўраб қолардим.
Моҳигул Қосимова ёзиб олди,
ЎзА