Сараланган уруғ мўл ҳосил гарови
Айни кунларда 2022 йил пахта ҳосили учун пахта тўқимачилик кластерлари ва уруғлик чигит тайёрлашга ихтисослашган цехлар томонидан сифатли уруғлик чигит сараланмоқда.
Амалга оширилаётган ишлар эса Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Навоий вилояти бошқармаси томонидан назоратга олинган. Инспекциянинг вилоят бошқармаси Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш бўлими инспекторлари томонидан уруғлик пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари, уруғлик пахта қабул қилувчи ва қайта ишловчи корхоналарда сара уруғ олиш мақсадида 292 марта назорат тадбири ўтказилди.

– Уруғлик пахта хомашёси ғарамларда камида икки ой тиним даврида сифатли сақланиб, пахта хомашёсидаги чигитлар тўлиқ физиологик етилганидан сўнг қайта ишлашга бериш ва ишлаб чиқаришдан олинган уруғлик чигитни уруғлик тайёрлашга ихтисослашган корхоналарга ташиш, дорилаш, сақлаш ва фермер хўжаликларга етказиб берилишини ташкил қилиш босқичма-босқич амалга оширилади, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Асқар Мирзоев. – Шу сабабли уруғлик чигит тайёрлаш учун мавжуд пахта кластерларига тегишли пахта тозалаш корхоналарида уруғлик пахтани тозалашга созлаш, мавжуд иккита уруғлик чигит дорилаш цехларини мавсумга тайёрлаш доимий мониторинг қилиб борилди. Ҳозирги кунда вилоятдаги пахта тўқимачилик кластерлари ва уруғлик тайёрлаш цехларида жами 1790 тонна уруғлик пахта тозаланиб сараланди. Унинг 290 тоннаси туксизлантирилган бўлса, 1 206 тонна уруғлик чигит дориланди.
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси қошидаги “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” Давлат унитар корхонаси мутахассислари иштирокида ҳар икки соатда OZ DSt 663:2017 давлат стандарти талаблари асосида уруғлик чигитнинг қайта ишланаётганлиги, сифатли дориланаётганлиги таҳлил қилиб борилмоқда.
Бугунги кунда Қизилтепа туманида 795 тонна, Хатирчи туманида 583 тонна уруғлик чигит тайёрланган бўлса, “Навбаҳор текстиль” масъулияти чекланган жамиятига қарашли завод олди пахта қабул қилиш масканида 1312 тонна сифатли уруғлик пахта жамғарилишига эришилди.
– Бугунги кунга қадар туман бўйича 412 тонна уруғлик чигит тозаланиб сараланган бўлса, 225 тонна уруғлик чигит туксизлантирилиб, дориланди, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Навбаҳор туман бўлими катта инспектори Воҳиджон Нодирбоев. – Ҳозирда 506 тонна R1 авлодли уруғлик пахтанинг 4-ва 14- партиялари O’zDst:663-2017 стандарт талабларига риоя қилган ҳолда қайта ишланиб, 264 тонна уруғлик чигит саралаш, туксизлантириш ва дорилаш учун Кармана туманидаги “Зарафшон пахта сервис” МЧЖга қарашли дорилаш цехига жўнатилган.
Ҳозирда “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси инспекторлари томонидан назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА