Саноат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида қўмитага хабар берилади
Бугунги кунда мамлакатимизда саноат соҳаси жадал ривожланиб, унинг тармоқлари кенгайиб бормоқда. Шу билан бирга, юртимизда атом энергиясидан фойдаланиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Юртимиз ҳудудларида қад ростлаётган янгидан-янги саноат объектлари мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда даромад манбаларининг кўпайишида муҳим ўрин тутади.
Ушбу соҳаларнинг жадал ривожланиб бориши, ўз навбатида, саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлашни тақозо этади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 майдаги “Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори алоҳида аҳамиятга эга.
Мазкур қарорда саноат, радиация ва ядро соҳасида хавфсизликни таъминлаш, қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилишини назорат қилиш, мазкур жараёнларда фуқароларнинг фаол иштирокини ташкил қилиш ҳамда уларни рағбатлантириш мақсадида бир қатор вазифалар ўз аксини топган.
Жумладан, 2026 йил 1 августдан бошлаб хавфли ишлаб чиқариш объектлари ва техник қурилмаларидан фойдаланишдаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги хабарларни Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига унинг ахборот тизими орқали фото ёки видеоматериаллар кўринишида тақдим қилиш белгиланган. Шунингдек, уларни кўриб чиқиш ҳамда тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартибини жорий қилиш кўзда тутилган.
Тақдим этиладиган фото ва видеоматериалларда саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик моҳияти, ҳуқуқбузарлик содир этилган манзил (геолокация), сана ва вақт аниқ акс этган бўлиши лозим.
Таъкидлаш лозимки, ушбу тартиб-қоидалар саноат, радиация ва ядро соҳасига оид қонунчиликка риоя этилишига хизмат қилади. Соҳада хавфсизликни таъминлайди.
Шу ўринда қайд этиш керак, яқинда парламент қуйи палатасида саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳаларидаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди. Унда амалдаги қонун ҳужжатларига саноат, радиациявий ва ядро хавфсизлиги ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳаларида давлат назорати тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳалардаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, саноат хавфсизлиги, радиациявий ва ядровий хавфсизлик соҳаларидаги ваколатли органларнинг ваколатлари аниқлаштирилди.
Юқоридаги Ҳукумат қарори ҳамда Қонунчилик палатасида қабул қилинган қонун лойиҳаси юртимизда саноат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Уларда белгиланган мақсад-вазифалар саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги қонун бузилишларининг олдини олишга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА