Жанубий Корея билан ҳамкорликда ақлли кўчатхоналар иш бошламоқда
Бугун экология соҳасида бўй кўрсатаётган муаммолар тупроқ таркиби ва яшиллик кўламига кескин таъсир қилмоқда. Иқлим ўзгариши, сув танқислиги каби муаммолар мавжуд яшилликнинг қисқаришига, чўлланишнинг тезлашишига олиб келмоқда.
Шу боис, мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли амалий тадбирлар йўлга қўйилиб, юртимизнинг яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бунда ҳудудлар иқлимига мос кўчат ва буталарни етиштириш ва экишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Бу борадаги саъй-ҳаракатларда муҳим янгилик: Тошкент ўрмон хўжалигига қарашли Пискент ўрмон бўлимида ташкил этилган Пискент кўчатхонасида ақлли кўчатхоналар иш бошламоқда.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг амалий намунаси сифатида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа доирасида 28 та замонавий кўчатхона иш бошлайди.
Куни кеча мазкур лойиҳа доирасидаги ақлли кўчатхоналарнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси етакчиси Абдушукур Ҳамзаев, Корея Республикаси вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Экология миллий қўмитаси раҳбарияти ҳамда ўрмончилик соҳасидаги олимлар иштирок этди.

Тадбирда А.Ҳамзаев ва бошқалар Ўзбекистон учун ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш бугун энг муҳим масалалардан бири эканини таъкидлади.
— Бугун иқлим ўзгариши, чўлланиш, Орол фожиасининг оқибатлари, сув танқислиги ва ҳаво сифати масаласи экология йўналишини давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айлантирди, — деди А.Ҳамзаев. — Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимизда ҳар йили миллионлаб кўчатлар экилмоқда, яшил ҳудудлар кенгаймоқда. Бу борада Жанубий Корея тажрибаси биз учун ҳақиқий намуна. Бу каби лойиҳаларни қонунчилик ва парламент назорати орқали қўллаб-қувватлаймиз. Мамлакатимизда олиб борилаётган “Яшил макон” лойиҳасининг янада самарали бўлишида бу каби лойиҳалар муҳим аҳамиятга эга.

Маросимда қайд этилганидек, ушбу лойиҳа 2028 йилда ўз якунига етказилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг биринчи босқичида 1 миллион 700 мингта кўчат етиштирилади. Ушбу кўчатлар чўлланиб бораётган майдонларга экилиши кўзда тутилган.
М.Комилова,
ЎзА