Саноат соҳасида қўшма экологик ташаббуслар кенгаймоқда
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида саноат соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Бу йўналишдаги қўшма ташаббуслар технология алмашинуви ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
“Ўзкимёсаноат” АЖ таркибидаги “Навоийазот” акциядорлик жамиятида Хитойнинг “Beijing Jinshengyuan New Energy Technology” компанияси вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувда шу ҳақда сўз юритилди.
Унда томонлар ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқди. Хусусан, ишлатилган симобли катализаторларни тиклаш ва қайта ишлаш лойиҳаси бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Корхона вакиллари ушбу лойиҳани амалга ошириш жараёнида хитойлик мутахассислар билан яқин ҳамкорликда ишлашга, маълумот ва тажриба алмашишда амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини таъкидлади.
Жамият ахборот хизматига кўра, мазкур учрашув ва корхона фаолияти билан танишув ҳамкорликнинг янги босқичига пойдевор яратиб, замонавий технологияларни жорий этиш туфайли экологик хавфсизликни таъминлаш муҳим ўрин тутади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА