Санкциялар ЕОИИ мамлакатларига таъсир кўрсатмоқда
Россия ва Беларусга нисбатан жорий қилинаётган санкциялар Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига ҳам дахл қилмоқда.
Шу боис “Бешлик” оқибатларни юмшатиш устида ишламоқда, деди МДҲ биринчи департаменти директори Михаил Евдокимов. Бу ҳақда “РИА Новости” маълум қилди.
“Шубҳасиз, сўнгги ойларда Ғарб томонидан Россия ва Беларусга нисбатан қўлланаётган, кўлами бўйича мисли кўрилмаган бир томонлама чеклов чоралари иқтисодиётларнинг ягона бозор доирасидаги ўзаро чуқур боғлиқлиги туфайли ЕОИИга аъзо давлатларга таъсир қилмай қолиши мумкин эмас эди”, - деди дипломат.
Бешликнинг асосий эътибори Ғарб санкцияларининг салбий оқибатини бартараф этиш, ЕОИИ бозорини зарур саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқишга қаратилган. Ғарб давлатлари санкциялари ортидан қатор компанияларнинг Россия бозоридан чиқиши, мамлакатдаги ишлаб чиқариш корхоналари ёпилиши ҳақида эълон қилинди. Бундай шароитда импорт ўрнини босиш сиёсати энг яхши самара беради.