Санъатнинг бетакрор жозибаси
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида Қозоғистоннинг “Остона балет“ театр жамоаси саҳналаштирган спектакллар намойиши бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистонда Қозоғистон йили
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида Қозоғистоннинг “Остона балет“ театр жамоаси саҳналаштирган спектакллар намойиши бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасидаги тадбирлардан бўлган ушбу ижодий лойиҳа рақс санъати мухлисларига манзур бўлишига шубҳа йўқ. Қардош халқ санъаткорлари билан биргаликда ташкил этилаётган премьералар, концерт дастурлари, кўргазмалар, ижодий ва адабий мулоқотлар икки халқ дўстлигининг нечоғли азалий, мустаҳкам эканини яна бир карра намойиш этмоқда.
“Остона балет“ театри жамоаси 2012 йилда Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан ташкил этилган. Жамоанинг дебют намойиши 2013 йилнинг июль ойида бўлиб ўтган.
– Ўзбекистонда Қозоғистон йили маданий воқеаларга бойлиги билан аҳамиятлидир, – деди “Остона балет“ театри директори Александр Совостьянов. – Спектакллар намойиши ўзбекистонлик томошабинларнинг самимий олқиши билан ўтаётгани ғоят қувонарлидир. Жамоамизнинг “Муҳаббат ҳақида афсона“ спектаклини эса дўстлигимиз рамзи, деб аташ мумкин. Чунки бу спектакль мусиқасини Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри оркестри ижро этади.
Ижодий сафарнинг дастлабки кунида “Буюк дашт мероси“ номли мусиқий дастур мухлисларга тақдим этилди. Қардош юрт ижодкорлари Айгуль Тати ҳамда Мукарам Авахрининг муаллифлик талқинидаги ушбу дастур Европа давлатлари ва АҚШда санъат ихлосмандларининг олқиши ва юксак эътирофига муносиб топилган хореографик томоша саналади. Ушбу дастур буюк дашт ўтмишини юксак пардаларда куйлаши билан аҳамиятлидир.
“Остона балет“ театри жамоасининг “Муҳаббат ҳақидаги афсона“, “A Fuego Lento” балет спектакллари ҳам намойиш этилмоқда.