Санъатга бағишланган умрнинг юксак эътирофи
Санъат қалблардан қалбларга нур олиб ўтувчи, миллат маънавиятини юксалтирувчи беқиёс кучдир. Унга садоқат билан хизмат қилиш эса нафақат истеъдод, балки юксак фидойилик, сабр ва меҳнатни талаб этади. Ана шундай заҳматкаш ижод аҳлининг меҳнати бугун мамлакатимизда муносиб қадрланиб, уларга кўрсатилаётган юксак эътибор маданият ва санъат соҳасининг янги босқичда ривожланишига мустаҳкам замин яратмоқда.
Президентимизнинг яқинда маданият ва санъат ходимлари билан учрашувида ҳам соҳани янада тараққий эттириш, миллий маданиятимизни асраб-авайлаш ва бойитиш, ижод аҳлини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ соҳа заҳматкашлари юксак мукофотлар билан тақдирланди.
Улар сафида Тошкент вилоятининг фидойи ижодкор ва маданият ходимлари ҳам муносиб ўрин олди. Бу эътироф ҳудудда маданият ва санъатни ривожлантириш, миллий меросимизни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнатнинг юксак баҳоси бўлди.

Хусусан, Олмалиқ шаҳар маданият бўлимининг “Навбаҳор” фольклор-этнографик халқ жамоаси раҳбари Турсинай Исмияминова ҳам “Дўстлик” ордени соҳибаси бўлди.
Қаҳрамонимиз ҳам ўз ҳаётини санъатсиз тасаввур қилолмайдиган фидойи инсонлардан бири. У ёшлик йиллариданоқ Тамарахоним, Ботир Зокиров каби буюк ижодкорлардан сабоқ олиб, тажриба оширди. Устозлари билан бирга, халқ оғзаки ижоди намуналарига қизиқиб, турли қишлоқ ва маҳаллаларни кезиб, миллий қўшиқлар, ўланлар, удумлар ва қадимий анъаналарни йиғиш билан шуғулланган. Айниқса, аҳоли орасида сақланиб қолган қариндошлик, қўшничилик ва дўстлик ва меҳр-оқибатни кўрсатувчи урф-одатларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратган.

— Фольклор халқона бўлиши керак. Унда халқнинг ҳаёти, дарди ва қувончи акс этиши лозим. Шундагина томошабин уни қабул қилади, — дейди Т.Исмияминова. – Баъзида энг оддий ва ҳаётий саҳна кўринишлари ҳам томошабин томонидан катта қизиқиш билан қарши олинади. Чунки одамлар ўзини, ўз турмушини ва қадриятларини саҳнада кўришни хоҳлайди. Президентимиз томонидан мен ҳам давлат мукофоти билан тақдирланишим эса бу жабҳадаги барча жамоа аъзоларимизнинг ютуғидир. Биз бундан жуда хурсанд бўлдик.
Турсинай опа 30 йилдан ошиқ даврда фольклор жамоаси билан бирга кўплаб халқона чиқишлар, саҳна асарлари ва халқ сайллари, байрамлар ва телеканаллардаги видеолойиҳаларда иштирок этди. “Супер қайноналар” каби саҳна асарлари ҳамда “Ўкинч” номли видеофильм шулар жумласидандир. Ушбу ишлар томошабинлар томонидан яхши кутиб олинди. Бироқ бу ютуқлар осонлик билан қўлга киргани йўқ. Бир вақтлар фольклор санъатига етарлича эътибор берилмас, жамоаларнинг моддий-техник базаси ҳам ночор аҳволда эди. Костюмлар, саҳна жиҳозлари ва бошқа зарур воситалар кўпинча ижодкорларнинг ўз маблағи ҳисобига таъминланарди.

— Кўп йиллар ўз кучимиз билан ишладик. Фаолиятимизни ривожлантириш учун кўп ҳолларда маблағ тополмаганмиз. Костюмларни ҳам ўзимиз тикардик, саҳна кўринишларини ҳам ўзимиз ташкил қилдик. Бу саъй-ҳаракатларда халқ меҳри бизга куч бағишлади, — дейди суҳбатдошимиз. – Бугун эса вазият ўзгармоқда. Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши туфайли миллий қадриятлар ва халқ санъатига бўлган эътибор ортиб бормоқда. Фольклор жамоалари йирик байрамлар, халқ сайиллари ва давлат тадбирларига таклиф этилмоқда. Янги саҳна либослари билан таъминланаётгани ҳам ижод аҳлини қувонтирмоқда. Айниқса, Наврўз байрами каби умумхалқ тантаналарида иштирок этиш улар учун катта шараф ҳисобланади. Миллий қўшиқлар, ёр-ёрлар, келин саломлар ва халқона куйлар бугун яна ўз қадрини топмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда “Навбаҳор” фольклор-этнографик халқ жамоаси олдида ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжуд. Энг асосий муаммолардан бири — доимий машғулот ўтказиш учун муносиб биноларнинг етишмаслиги. Бугун “Навбаҳор” жамоаси сафида етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган қарийб 70 нафар санъат ихлосманди фаолият юритмоқда. Уларнинг ютуқлари нафақат мамлакатимизда, балки халқаро фестиваль ва танловларда ҳам муносиб эътироф этилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА