Санъат ва мерос уйғунлиги
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида “Бизнинг мерос” туркуми доирасида Ўзбекистон халқ рассоми Надежда Кашина таваллудининг 130 йиллигига бағишланган кўргазма шахсий очилди.
Кўргазма Ўзбекистон Бадиий академияси, Бадиий кўргазмалар дирекцияси ҳамда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Надежда Кашина Ўзбекистон миллий рангтасвир мактабининг шаклланиши ва ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган ижодкорлардан бири сифатида эътироф этилади. Унинг асарларида халқ ҳаёти, миллий урф-одатлар, инсон образлари ҳамда юрт табиатининг бетакрор манзаралари ўзининг бадиий ифодасини топган. Рассом ижодида ўзбек халқининг турмуш тарзи ва маданиятига бўлган самимий меҳр ва ҳурмат яққол намоён бўлади.
[gallery-30361]
Экспозициядан рассомнинг 50 та рангтасвир ва графика асари ўрин олган. Улар орасида портрет, маиший жанр ва манзара йўналишидаги ишлар алоҳида аҳамиятга эга. Экспонатларнинг асосий қисми рассомнинг турмуш ўртоғи Геннадий Герасимов томонидан Бадиий кўргазмалар дирекциясига туҳфа қилинган.
Кўргазмада намойиш этилаётган асарларнинг аксарияти ўтган асрнинг 1940 йилларидан кейин яратилган. Айрим акварель этюдлар эса рассомнинг илк ижодий даврига мансуб бўлиб, улар орқали ижодкорнинг бадиий изланишлари, услубининг шаклланиш босқичлари ва миллий тасвирий санъат тараққиётидаги ўрнини кузатиш мумкин.
Тадбирда сўзга чиққанлар Надежда Кашинанинг бой ижодий мероси бугунги кунда ҳам тасвирий санъат вакиллари учун муҳим ижодий мактаб бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Унинг асарлари миллий рангтасвир санъатининг нодир намуналари сифатида юксак қадрланиб, ёш ижодкорларни янги изланишларга руҳлантириб келмоқда.
Таъкидланганидек, кўргазма миллий тасвирий санъат тарихини чуқурроқ англаш, бадиий мероснинг сара намуналари билан яқиндан танишиш ҳамда санъат ихлосмандларининг эстетик дидини юксалтиришга хизмат қилади.
Камола Юсупова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА