Санъат дарғалари ҳақидаги фильмлар тақдим этилди
Пойтахтимиздаги Миллий кино санъати саройида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан атоқли устоз санъаткорлар ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи "Ўзбекистон санъати дарғалари" туркуми доирасида яратилган "Жўрахон Султонов", "Фаттоҳхон Мамадалиев", "Мукаррама Турғунбоева", "Ҳалима Носирова" номли ҳужжатли фильмлар намойиш этилди. Картиналар Ўзбекистон кинематография агентлиги Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудиясида яратилган.
Мазкур ҳужжатли картиналарнинг Устоз ва мураббийлар куни арафасида намойиш этилишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, уларнинг барчаси миллий қўшиқчилик, опера, рақс санъатида бетакрор мактаб яратган ижодкорлар эди.

— Буюк одамлар росмана буюк бўлади, – деди мусиқашунос олим Сойибжон Бегматов. – Жўрахон Султонов 12 ёшиданоқ Фарғона водийсида энг хушовоз хонанда сифатида эътироф этилган. Жўрахон Султонов аскиячи, шоир, ҳофиз, созанда, бастакор сифатида самарали ижод қилган. Опера санъати устаси бўлган Ҳалимахоним Носированинг овози, ижро маҳорати ғоят бетакрор бўлган. Ўзбекистон опера театри ўз даврида ҳатто Москва театридан устун бўлган. Сабаб ўзбек опера театрида жаҳоннинг энг етук композиторларининг асарлари катта маҳорат билан ижро этилган. Фаттоҳхон Мамадалиев эса мақом санъатини пухта эгаллаши билан бирга бу йўлда такрорланмас мактаб яратган ижодкор эди. Мукаррама Турғунбоева миллий рақсимизни шакллантириб, уни дунёга олиб чиққан санъаткордир.

Миллий санъат дарғаларимиз ҳақидаги ҳужжатли фильмлар мухлисларига манзур бўлди.
Н.Усмонова, ЎзА