Санъат бугун бизга нима демоқда?
Замонавий санъат ўтмишга назар ташлаш, бугунги воқеликни англаш ва оддий буюмлар ортидаги маъноларни кашф этиш имконини беради. Бугун рассомлар тарихий хотира, миллий анъаналар, экологик муаммолар ва шахсий кечинмаларни турли бадиий воситалар орқали ифодаламоқда.
Баъзан бир парча мато инсон хотираларини, ёғоч конструкция бутун бир халқнинг маданий меросини, металл инсталляция эса табиат ва инсон муносабатларини акс эттиради. Анъаналар замонавий санъатда қандай янги маъно касб этмоқда? Ўтмишга мурожаат қилиш орқали бугунги кун ҳақида нималарни айтиш мумкин?
Мазкур саволлар юзасидан XI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси таассуротлари ҳақида Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази директори Давронбек Шукуров билан суҳбатлашдик.
— Бу йилги биеннале сизда қандай таассурот қолдирди?
— Энг аввало, асарларнинг хилма-хиллиги эътиборимни тортди. Кўргазмада йирик инсталляциялар, анъанавий материаллар асосида яратилган ишлар ва шахсий кечинмаларга бағишланган лойиҳалар намойиш этилди. Замонавий санъатнинг ўзига хослиги ҳам шунда: ҳар бир рассом дунёга ўз нуқтаи назаридан қарайди. Кимдир табиат, бошқаси халқининг тарихи, яна бири оилавий хотиралар ҳақида сўзлайди. Тошкентда бундай халқаро биенналенинг ўтказилиши миллий санъатимизни жаҳон бадиий жараёнлари билан қиёслаш ва хорижий ижодкорлар тажрибаси билан танишиш учун муҳим имкониятдир.
— Биенналенинг тўрт нафар ғолиби турли услубда ижод қилса-да, уларнинг ишларида хотира мавзуси муштарак. Бу тасодифми?
— Менимча, бугунги санъатда хотира мавзусига қизиқиш ортиб бораётгани бежиз эмас. Хотира фақат ўтмишдаги воқеаларни эслаш эмас. У инсоннинг туғилиб ўсган ери, оиласи, маданий илдизлари ва табиат билан муносабатини ҳам қамраб олади. Биеннале ғолиблари бу мавзуни тўрт хил бадиий ёндашув орқали очиб берган.
Биенналенинг Гран-при мукофоти Марина Бородинага берилди. Унинг инсталляцияларида металл тўр, акс эттирувчи юзалар, ёруғлик ва видеопроекциялар уйғунлашган.
— Рассомнинг ишларида томошабин асарнинг бир қисмига айланади. Бу ёндашувнинг аҳамияти нимада?
— Бородинанинг инсталляцияларини фақат ташқаридан кузатиш етарли эмас. Томошабин улар орасида ҳаракатланиб, ёруғлик, акслар ва маконнинг ўзгаришини ҳис қилиши керак. Асарни идрок этиш инсоннинг қаерда тургани ва унга қайси нуқтадан қараётганига ҳам боғлиқ. Шунингдек, рассом инсон ва табиат муносабатига ҳам эътибор қаратади. Металл, ёруғлик ва видеотасвирлар орқали атроф-муҳитнинг ўзгарувчанлиги ҳақида ўйлашга ундайди.
— Scole ижодий жамоасининг «The Centennial Nest» («Юз йиллик уя») лойиҳаси биринчи ўринга муносиб кўрилди. Унда саха халқининг анъанавий турар жойи — ураса образи замонавий талқинда акс этган. Бу лойиҳанинг асосий ғояси нимада?

— Муаллифлар анъанани ўзгаришсиз сақланиши керак бўлган мерос сифатида эмас, балки янги ғоялар учун манба сифатида кўради. Ураса образи асарда сақланган, аммо унинг бадиий вазифаси ўзгарган. Бу анъанавий турар жойнинг нусхаси эмас, балки мустақил замонавий санъат асаридир. Ёғоч конструкция, нақшлар, ёруғлик ва соя уйғунлиги орқали таниш маданий образ янги маъно касб этган.
— Демак, миллий анъаналар бугун рассомлар учун фақат безак эмас, балки бадиий фикрлаш воситасига айланмоқда?
— Албатта. Илгари миллийликни санъатда акс эттириш кўпинча нақшлар, миллий либослар ёки декоратив элементлардан фойдаланиш билан чекланарди. Бугун эса рассомлар анъанавий меъморчилик ва ҳунармандчилик усуллари орқали замонавий жамият, инсон ва атроф-муҳит ҳақида фикр билдирмоқда. Натижада анъана асарнинг ташқи безаги эмас, балки асосий ғоясига айланади.
Иккинчи ўрин Нуриддин Расуловнинг «Корабли пустыни» («Саҳро кемалари») лойиҳасига берилди. Рассом Орол денгизи фожиасига мурожаат қилиб, кема шаклидаги ёғоч конструкция яратган. Асарда миллий ёғоч ўймакорлиги ва рангтасвир элементларидан ҳам фойдаланилган.
— Сувсиз саҳро ўртасида қолган кема образи жуда таъсирчан. Бу образ орқали рассом нима демоқчи?
— Бу образнинг таъсир кучи – унинг ортида ҳақиқий тарихий фожиа турганида. Сувсизлик ўртасидаги кемани кўрганимизда, беихтиёр Орол денгизи, у билан боғлиқ ҳаёт тарзи, унга боғлиқ одамларнинг тақдирини эслаймиз. Рассом фақат экологик муаммони тасвирламайди, балки табиатдаги ўзгаришлар одамларнинг турмуш тарзи ва маданиятига қандай таъсир қилишини ҳам кўрсатади. Миллий ўймакорлик усулларининг қўлланилиши эса асарга маданий мазмун бағишлаган.
— Биргина бадиий образ орқали бутун бир минтақанинг тарихи ҳақида ҳикоя қилиш мумкинми?
— Албатта. Экологик муаммолар ҳақида гапирганда кўпинча рақамлар ва статистикага таянамиз. Аммо улар ортида турган инсон тақдирини ҳар доим ҳам ҳис қила олмаймиз. Санъат эса муаммонинг одамлар ҳаётига таъсирини кўрсатади. «Саҳро кемалари» лойиҳаси Орол фожиаси фақат экологик муаммо эмас, балки минтақанинг умумий тарихи, хотираси ва маданий ҳаёти билан боғлиқ эканини эслатади.
Учинчи ўрин ҳиндистонлик рассом Прити Самьюктанинг «Stitching Memories» («Хотираларни тикиш») туркумига берилди. Рассом қариндошлари ва дўстлари совға қилган эски кийимлардан олинган мато парчаларидан фойдаланади. Унинг ижодий ёндашувига АҚШнинг Алабама штатидаги Таскалуса шаҳрида Fulbright-Nehru дастури доирасида ўрганилган Gee’s Bend лоскут кўрпачалари тажрибаси ҳам таъсир кўрсатган.
— Оддий мато парчалари қандай қилиб кучли бадиий маъно касб этади?
— Ҳар бир мато парчаси ортида инсон ҳаёти билан боғлиқ хотира бор. Бу яқин кишининг кийими ёки муайян воқеани эслатадиган буюм бўлиши мумкин. Рассом ана шу парчаларни бирлаштириб, турли хотираларни ягона композицияга жамлайди. Шу тариқа мато инсон тажрибаси ва кечинмаларини ифодаловчи воситага айланади. Унинг ишларида қўл меҳнатига хос нотекис чоклар, тугунлар ва иплар ҳам яширилмайди. Аксинча, улар асарнинг бадиий қисми сифатида сақланади.

— Тўрт нафар ғолибнинг ишларини бирлаштириб турган асосий жиҳат нимада?
— Уларнинг барчаси хотира ва ўзлик масаласига турли нуқтаи назардан ёндашган. Марина Бородина табиат ва маконнинг ўзгарувчанлигига, Scole жамоаси саха халқининг маданий меросига, Нуриддин Расулов Орол фожиасига, Прити Самьюкта эса инсонларнинг шахсий хотираларига мурожаат қилган. Материаллар ҳам турлича: металл, ёғоч, мато ва ёруғлик. Аммо уларнинг ҳар бирида материал шунчаки бадиий восита эмас, балки асар мазмунини очиб берувчи муҳим қисмга айланган.
— Биеннале тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда замонавий санъатни ривожлантириш учун нималарга эътибор қаратиш керак?
— Энг аввало, анъана ва замонавийликни бир-бирига қарама-қарши қўймаслик лозим. Замонавий санъат деганда фақат янги технологиялар ёки ғайриоддий материалларни тушунмаслик керак. Ёғоч, мато ва бошқа анъанавий материаллар орқали ҳам долзарб бадиий ғояларни ифодалаш мумкин. Муҳими, рассом улар ёрдамида қандай фикрни етказа олишида.
Ўзбекистонда амалий санъат, меъморчилик, ҳунармандчилик ва рангтасвирнинг бой анъаналари мавжуд. Уларни асраб-авайлаш билан бирга, янги ижодий изланишлар учун ҳам асос сифатида кўриш зарур. Халқаро кўргазмалар ва биенналелар эса рассомлар ўртасида тажриба алмашиш ва маданий мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилади.
Менимча, бу йилги биенналенинг муҳим хулосаси шуки, ўтмишга мурожаат қилиш келажакдан воз кечиш дегани эмас. Аксинча, ўз маданий илдизларини англаган ижодкор янги ғоялар яратиш учун мустаҳкам асосга эга бўлади.
ЎзА мухбири
Н.Усмонова ёзиб олди.