Самимий инсон, серқирра ижодкор Носир Муҳаммад хотирасига эҳтиром
Миллий журналистикамизда Носир Муҳаммад (Насриддин Муҳаммадиев) моҳир публицист, қалами ўткир журналист, адиб ва шоир, маҳоратли таржимон сифатида ном қозонган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир ва адиб Носир Муҳаммад таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-маърифий хотира кечаси бўлиб ўтди.
Адабиёт ихлосмандлари, ижодкорлар, олимлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда шоирнинг ўзбек адабиёти ривожига қўшган ҳиссаси, бой ижодий мероси, миллий шеъриятимизда тутган ўрни ҳамда маънавий-маърифий қарашлари ҳақида сўз юритилди.
Адабий анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид, Қозоғистон ўзбеклари «Дўстлик» ҳамжамиятининг фахрий раиси Икром Ҳошимжонов, таниқли санъаткор Фарҳод Абдуллаев, адабиётшунос олим Султонмурод Олимов, таржимон Хайрулла Ҳамидов, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Республика бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, таниқли журналист Шароф Убайдуллаев Носир Муҳаммаднинг ижодий фаолияти, инсоний фазилатлари ва ижодининг серқирра жиҳатлари хусусида батафсил сўз юритди.
– Насриддин ака билан кўп марта биргаликда меҳнат қилганмиз, – деди Султонмурод Олимов. – У бир неча хорижий тилларни билар эди. Чаққон, зийрак, хушчақчақ, самимий ва камтарин инсон эди. Алишер Навоий ғазалларини жуда юксак маҳорат билан шарҳлар эди. Миллатимиз ва халқимиз манфаати йўлида хизмат қилишдан толмайдиган серқирра инсон сифатида қалбимизда қолган.
– Насриддин Муҳаммадиев катта шахс эди, – деди таниқли журналист Шароф Убайдуллаев. – Унинг отаси Миср бобони танирдим. У киши Яккабоғ туман газетасида 30 йил муҳаррир сифатида меҳнат қилган эди. Насриддин Муҳаммадиев оқкўнгил, одамохун, яхши шахматчи, дипломат, шоир, публицист, адиб ва таржимон эди. Бизнинг қадрдонлигимиз 50 йилга бориб тақалади. Агар бирор инсондан яхшилик ёки меҳр кўрган бўлса, буни умр бўйи унутмас эди.
Айтиш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, миллий журналистика ва адабиёт соҳаларига муносиб ҳисса қўшган ижодкорлар хотирасини эъзозлаш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эзгу тамойиллар Насриддин Муҳаммадиев хотирасини ардоқлашга қаратилган тадбирларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, Насриддин Муҳаммадиев 1946 йилда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида таваллуд топган. Тошкент давлат университетида таҳсил олгач, журналистика соҳасида меҳнат фаолиятини бошлаган. Турли йилларда «Тошкент оқшоми» газетаси, «Ёшлик» журнали, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати каби ташкилотларда фаолият юритган. Шунингдек, Насриддин ака узоқ йиллар давомида Республика Байналмилал маданият марказига раислик қилиб, мамлакатимизда турли миллат ва конфессия вакиллари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро бағрикенглик муносабатларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган эди.
Унинг ижодкорлик ва журналистлик фаолияти бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда кечди. Шоир адабиёт майдонига ўзига хос овоз, самимий туйғулар ва ҳаётий мушоҳадалар билан кириб келди. Унинг «Гулдаста», «Ёшлик», «Салом, келажак», «Баҳор таронаси», «Сумалакдан тош топдим» каби шеърий китоблари китобхонлар эътиборини қозонган. «Шайтоннинг истеъфономаси» номли ҳажвий шеърлар тўплами эса ижодкорнинг адабий имкониятлари ва ҳаёт ҳодисаларига ҳажвий нигоҳ билан ёндашиш маҳоратини намоён этади.
Носир Муҳаммад шеъриятида инсон қалби, ҳаёт ва замон ҳақидаги мушоҳадалар, миллий қадриятлар, Ватанга муҳаббат, эзгулик ва маънавият масалалари самимий ифода этилган. Шоир сўзнинг бадиий қудрати, фикрнинг теранлиги ва туйғуларнинг табиийлигига алоҳида эътибор қаратган. Унинг шеърларида ҳаётга ҳассос муносабат, инсон руҳиятини англашга интилиш ва миллий адабий анъаналарга садоқат яққол сезилади.
Ижодкорнинг адабий фаолияти фақат шеърият билан чекланмаган. У таржимон ва халқаро журналист сифатида ҳам самарали меҳнат қилган. Шеърлари Москвада чоп этилган «Истоки», «Вдохновение», «Поэзия» каби адабий альманахлардан ўрин олган. Шунингдек, унинг ижод намуналари «Изҳор» ва «Ватан муҳаббати» каби тўпламларда ҳам эълон қилинган. Бу эса шоир ижодининг халқаро адабий алоқалар доирасида ҳам муносиб ўрин эгаллаганидан далолат беради.
Хотира кечасида Носир Муҳаммаднинг серқирра ижодий фаолияти, инсоний фазилатлари ва адабиётимиз тарихидаги муносиб ўрни ҳақида самимий хотиралар ўртоқлашилди. Шоирнинг адабий жараёндаги фаол иштироки, ижодкорлар авлодини қўллаб-қувватлашдаги ўрни, адабиёт ва маърифатга садоқати, шеъриятга бўлган масъулиятли муносабати ҳамда бой ҳаётий тажрибаси ёш авлод учун ҳам ибрат мактаби экани таъкидланди.
Тадбир якунида Носир Муҳаммаднинг адабиётимизда қолдирган бой маънавий мероси келгуси авлодлар учун ҳам муҳим ижодий мактаб бўлиб хизмат қилиши эътироф этилди. Адабий-маърифий хотира кечаси шоир шахсияти ва ижодига бўлган чуқур ҳурмат, устоз ижодкорлар хотирасини эъзозлаш ҳамда миллий адабий меросимизни асраб-авайлаш туйғулари билан йўғрилган самимий руҳда ўтди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири