Санъат ҳамжиҳатликка чорлайди
Дунё муаммосига айланган коронавирус пандемияси инсониятни янада сергакликка, огоҳ бўлишга чорлади.
Дунё муаммосига айланган коронавирус пандемияси инсониятни янада сергакликка, огоҳ бўлишга чорлади. Машаққатли кўринган кундалик ташвишлару муаммолар ушбу офатнинг олдида арзимас масала эканини ҳис қила бошладик. Меҳр-шафқатли бўлиш, оқибат кўрсатишдек инсоний туйғулар синовдан ўтмоқда. Ўзаро гиналар, низоларни унутиш, ҳар қандай масалани ҳамжиҳатликда ҳал қилишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали пандемия бошқа давлатларга келтираётган оқибатларини кузатиб борар эканмиз, бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар оқилона қарорлар асосида йўлга қўйилганини кўриш мумкин. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида инфекция тарқалишининг олдини олиш борасида барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Пандемия аниқланган илк кундан бошлаб касаллик тарқалишининг олдини олиш борасида тадбирлар тезкор ва изчил амалга оширилди. Аввало, барча таълим муассасалари карантинга олинди. Талабаларнинг доимий яшаш манзилларига етиб бориши учун барча шарт-шароитлар етарлича яратиб берилди. Вилоятлар томонидан кўнгилли тарзда автомобиллар карвонининг талабаларни ўз манзилларига етказиб қўйиш борасида кўрсатган ташаббуслари халқимизга хос мардлик, саховатпешалик, бағрикенглик хусусиятларини намоён этди.
Гап шу ҳақида кетар экан, меҳр-шафқат туйғусига алоҳида тўхталмоқчимиз. Қон-қонимизга сингиб кетган бу туйғу халқимизнинг энг оғир дамларда ҳам ўзлигини йўқотмаслиги, инсоний туйғуларни барча нарсадан устун қўя олишини кўп бора исботлаган. Бунга тарих гувоҳ.
Иккинчи жаҳон урушининг 75 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Уруш пайтида халқимиз кўрсатган жасорат, матонат, меҳр-шафқат туйғуларини бугун ҳеч ким инкор эта олмайди. Тошкентлик Шоаҳмад Шомуродовлар, каттақўрғонлик Ҳамид Саматовлар оиласининг қилган савоб ишлари ўзбек халқининг бағрикенглигига ҳайкал қўйди.
Не-не оғир кунларни бошидан кечирган халқимиз бугун яна бир марта ўзининг саховатпешалигини кўрсатмоқда. “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди ташкил этилиб, турли ташкилотлар, тадбиркорлар, санъаткорлар ушбу фондга ўзларининг беғараз ёрдамини кўрсатиб келмоқда. Институтимиз профессор-ўқитувчилари, ишчи-ходимлари ўз ихтиёри билан бир кунлик иш ҳақини шу фондга ўтказиб берди.
Институтимизда карантин даврида ҳам масофавий таълим давом этаётганини алоҳида қайд этмоқчимиз. Жаҳон санъати ва ўзбек миллий санъати тарихига назар солар эканмиз, энг оғир даврларда ҳам санъат инсониятга далда бўлгани, одамларда ёруғ кунларга ишонч ва умид уйғотганига гувоҳ бўламиз. Ушбу даврларда яратилган асарларнинг аксари маданий меросимизнинг ноёб дурдонасига айлангани ҳам бугун ҳеч кимга сир эмас.
Санъатнинг сеҳрли қудратини кўрсатиш, карантин пайтида талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ижодий фаолиятларини муносиб рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор танловлар эълон қилинди. Жумладан, аввал эълон қилинган “Беш тaшaббус – беш имконият”, “Мустaҳкaм оилa – юрт тaянчи” ҳамда “Энг фаол санъатшунос” танловларига ижодий ишларни қабул қилиш муддати узайтирилди.
Бундан ташқари карантин даврида талабалар учун алоҳида “Уйда қол ва ижод қил!” шиори остида танловлар эълон қилинди. Мазкур танловларда талабалар турли жанр ва техникалар асосида рангтасвир, амалий санъат асарлари, дизайн лойиҳалари, шунингдек, коронавирусга қарши кураш ғоялари акс этган видеороликлари билан иштирок этмоқда. Ушбу ижодий ишлар “МРДИ онлайн ижод” телеграм каналида эълон қилинмоқда. Бугунги кунга қадар онлайн танловларимизга 400 дан ошиқ иш келиб тушди ва бу жараён давом этмоқда.
Институтда масофавий таълим жорий этилди. Ҳозирда 15 кафедрада профессор-ўқитувчилар томонидан 27 бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 15 магистратура мутахассислиги учун 284 фан бўйича электрон ўқув ресурслари ишлаб чиқилди ҳамда институтнинг расмий веб-сайти, телеграм канали, интернет сайтларидаги расмий саҳифаларига жойлаштирилди.
Шунингдек, институт ижодкор кадрлар тайёрлашга ихтисослашгани инобатга олинган ҳолда мутахассислик фанлари профессор-ўқитувчилар томонидан масофавий тарзда, якка тартибда ташкил этилмоқда. Бунда устозлар ҳар бир талаба билан алоҳида боғланиб, бажараётган ижодий ишлари борасида онлайн машғулот олиб бормоқда. Масофавий таълим жараёнлари ҳафталик жадваллар асосида ташкил этилган бўлиб, талабаларнинг фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларини онлайн савол-жавоблар, тестлар ҳамда ижодий ишлар намойиши орқали баҳолаш йўлга қўйилган.
Албатта, бадиий таълимнинг ихтисослашган хусусиятларини инобатга олиб масофавий таълимда ҳам ўзига хос педагогик технологиялар қўлланилмоқда. Бунда, аввало, талабаларни эркин ижодий фикрлашга йўналтириш мақсад қилинган. Шу ўринда масофавий таълимда бугун орттирилаётган тажрибалар яқин келажакда масофавий таълимни янада мукаммаллаштириш, кредит-модул тизимида электрон таълим тизимини жорий этишда ҳам қўл келади.
Бадиий таълим соҳасида ҳозирги шароитдаги ишларни умумлаштирган ҳолда ижод давом этаётганини, ёш иқтидорларимиз тинимсиз изланишда эканини айта оламиз. Ижод давом этаётган экан, демак кўнгил хотиржам. Кўнгил хотиржамлиги эса бугунги ислоҳотлар натижасидир. Ижодда баҳор шукуҳи, юрт гўзаллиги оҳанглари мавжланар экан, ҳеч қандай офат бизни енга олмайди.
Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти ректори