Самимий мулоқот талабаларга куч-ғайрат бахш этди
Гулистон давлат педагогика институтида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ёшлар ва раҳбарият иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Тадбир талабалар учун нафақат таълим соҳасида, балки ҳаётий йўналиш ва мақсадларни белгилашда ҳам муҳим мактаб вазифасини бажарди.
Йиғилишни институт ректори Жаҳонгир Каршибоев очди. У нутқида Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Ёшлар буюк келажагимизнинг асосий бўғини эканлигини тушунмаган раҳбар бизнинг сафимизда бўлишга ҳаққи йўқ" деган фикрларини келтирди. Ректор янги қабул қилинган талабаларга юксак ишонч билдириб, уларни юрт равнақи йўлида билим ва иқтидорини аямасдан фаолият олиб боришга чорлади.

Учрашувда институтда яратилган шароитлар – замонавий ўқув хоналари, ахборот-ресурс маркази, талабалар турар-жойларидаги қулайликлар, стипендия ва халқаро грант дастурлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Раҳбарлар таъкидлаганидек, бу имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳар бир ёшнинг келажак муваффақиятини белгилайди.

– “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” биз учун ҳақиқий тажриба мактаби бўлди. Жараёнда раҳбарлардан биз фикр-мулоҳаза, насиҳатлар эшитибгина қолмай, ўз ғоя ва таклифларимизни билдириш имкониятига ҳам эга бўлдик. Бу бизга ишонч ва янги руҳ бахш этди, – деди биринчи курс талабаси Назокат Бойқулова.
Учрашувда таъкидланганидек, бундай очиқ мулоқотларнинг мунтазам ўтказилиши ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, янги ғоя ва ташаббусларни ривожлантириш, энг муҳими, раҳбарлар ва талабалар ўртасида мулоқот маданиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири