СамДУда Россия таълим маркази очилди
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Россия таълим марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида СамДУ раҳбарияти, халқаро ҳамкорлик бўлими ходимлари РФ таълим муассасалари билан йўлга қўйилган самарали шериклик натижалари ҳақида сўз юритди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида ишга туширилган ушбу марказ талабалар учун Россиянинг ривожланган олий ўқув юртларида таҳсил олиш имкониятини янада кенгайтиришига ишонч билдирилди.
Россиянинг етакчи университетлари мутасаддилари, ўз навбатида, икки томонлама муносабат ривожидан манфаатдор эканликларини эътироф этишди.
- Самарқанд дорилфунуни Осиёдаги энг тез ривожланаётган олий таълим муассасаларидан бири, - деди, жумладан, Шимолий Кавказ федерал университети ректори Дмитрий Беспалов. – Мен бунга ўтган йили ректор билан учрашганимда гувоҳ бўлганман. СамДУ билан ҳамкорлик биз учун жуда фойдали. Талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий-тадқиқотлар ўтказиш бўйича иш бошладик. Марказ ўзаро алоқалар кўламини янада кенгайтириши тайин.
Университет ахборот хизмати