СамДУ ва Цукуба университети ҳамкорлиги ривожланади
Цукуба университети ректори, Япония давлат университетлари ректорлар кенгаши раҳбари Кёсуке Нагата бошчилигидаги делегациянинг Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Очилов, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети биринчи проректори, профессор Жўлибой Элтазаров, Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Илҳомжон Тўхтасинов ҳам иштирок этди.


Учрашувда таълим, фан, маданият соҳаларида, шунингдек, ижтимоий-сиёсий масалалар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш, келгусида илм-фаннинг долзарб муаммоларини биргаликда ҳал этиш зарурлиги ҳақида сўз борди.
Мутахассислар ҳамкорликда сувни тежаш, яйлов, экология, тупроқ шўрланишининг олдини олиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ҳамда шарқ нодир қўлёзмаларини татбиқ этиш мавзуларини ҳам муҳокама қилиб, айни йўналишлардаги истиқболли режалар белгилаб олинди.


– 2022 йил сентябрда “Япония – Ўзбекистон” ректорлар форуми ўтказилган эди, – дейди жаноб Нагата. – Анжуманда СамДУ вакили билан учрашиб, кўнглимга ушбу нуфузли олий ўқув юрти билан ҳамкорлик қилишни тугиб қўйган эдим. Мана, бугун Самарқанддаман ва мазкур қадимий даргоҳ ҳақида янада кўпроқ маълумот тўплаш имконига эгаман. СамДУ ва Цукуба университети тузилмаси, тарихийлиги нуқтаи назаридан бир-бирига жуда ўхшаш. Ҳар икки мумтоз таълим муассасасининг илмий салоҳияти жуда юқори, бунга шубҳа йўқ. Масалан, бир неча халқаро марказ фаолияти йўлга қўйилгани СамДУ дунё рейтингида кун сайин юқорилаб бораётганидан далолат. Айниқса, бу ерда Япония таълими ва маданияти маркази очилгани мени жуда қувонтирди.



СамДУ ахборот хизмати