СамДУда Ҳиндистон маданияти ўқув маркази очилди
Самарқанд давлат университетида ташкил этилган халқаро таълим дастурлари факультетида бугунги кунда дунёдаги нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 2+2 шаклида 180 нафар ёшлар ўқитилмоқда. Яъни талабалар бакалавр таълим босқичининг икки йилида шу ерда, қолган икки йилида эса хорижда таҳсил олади.

Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сантош Жа Самарқанд давлат университетида бўлиб, мазкур ўқув муассасаси фаолияти билан танишди. Бу ерда Ҳиндистон маданияти ўқув марказининг очилишида иштирок этди.

Университет матбуот хизматининг хабарига кўра, элчи жаноблари марказда яратилган шароит ва имкониятлар билан танишиб, ушбу маскан Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги азалий дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, илм-фан ва маданият соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичда давом эттиришга ёрдам беришини таъкидлади.
Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов билан учрашув чоғида Сантош Жа Ҳиндистондаги Деҳли ва Наъланда университетлари, шунингдек, бир қатор хусусий олий таълим даргоҳлари Самарқанд давлат университети билан яқин ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдор эканлигини таъкидлади. Келгусида бу алоқаларни ривожлантириш, таълим-фан, замонавий инновацион технологиялар яратиш, биргаликда кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама этилди.

Шунингдек, учрашувда 2020 йилда икки мамлакатда ўзбек ва ҳинд маданияти кунлари ўтказиш, хусусан Самарқанд шаҳрида ҳам бундай тадбирларни ташкил этиш таклифи билдирилди.
Мулоқот якунида Самарқанд давлат университети ва Ҳиндистондаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш, қўшдипломлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича ҳужжат имзоланди.