СамДТИнинг халқаро ҳамкорлиги яна биттага ошди
Бугунги кунда олий таълим сифатини оширишда хорижий ҳамкорликнинг роли ва аҳамиятини ошириш самарали ёндашувга эга усуллардандир. Мамлакатимизда олий таълим соҳасини ривожлантириш тамойилларини халқаро ҳамкорлик билан чамбарчас боғлаб, тажрибаларни амалиётда қўллаш мунтазам равишда олиб борилмоқда.
Хусусан, ҳамкорликнинг дебочаси сифатидаги учрашув Самарқанд давлат тиббиёт институтида Беларусь давлат технология университети ректори, профессор И. Войтов, В.А.Белого номидаги илмий текшириш институти директори профессор А. Григорьев, Кимё институти директори академик В. Агабеков ҳамда И.А. Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети қошидаги “Фан ва тараққиёт” ДУК корхонаси директори профессор Н.Абедлар иштирокида бўлиб ўтди. Иштирокчилар олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама этди.
Бўлиб ўтган учрашув давомида кимё тиббиётнинг асосий фанларидан эканлигини ҳисобга олган ҳолда институтлар ўртасида ўзаро мустаҳкам тиббий-технологик илмий ва амалий алоқалар ўрнатишга келишиб олинди.

Кимёнинг тиббиётдаги, фармациядаги ўрни, вазифалари, Беларусь илмий текшириш институтларида олиб борилаётган ишлар юзасидан давра суҳбатида ўзаро тажрибалар алмашиш юзасидан келажак режалари тузилди.
Таъкидлаш жоизки, Самарқанд давлат тиббиёт институти мунтазам равишда хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда тиббиёт соҳаси ривожи учун кўплаб халқаро ҳамкорликлар амалга оширилиб келинади. Биргина ўтган 2020-2021 йиллар мобайнида институтда 70 дан ортиқ халқаро ҳамкор олийгоҳлар ва ташкилотлар иштирокида 100 дан ортиқ келишувлар имзоланган, уларнинг 90 фоизи эса амалиётга босқичма-босқич татбиқ этиб борилаяпти.
Шуҳрат Неъматов, ЎзА