Самбочиларимиз Татаристон Президенти кубогида қатнашмоқда
Бугун, 3 октябрь куни Россиянинг Қозон шаҳрида самбо бўйича Татаристон Президенти кубоги учун халқаро турнирга старт берилади.
19 мамлакатнинг 250 нафар самбочилари иштирок этаётган ушбу халқаро турнирда Ўзбекистон самбо федерацияси раҳбари Алишер Алимов етакчилигидаги 11 нафар спортчимиз самбо ва жанговор самбо баҳсларида ғолиблик учун курашади.
«Ак барс» спорт мажмуасида бўлиб ўтадиган турнирда Зафарбек Хамроқулов, Тоҳир Асроров, Фирдавс Хожимаматов, Ойбек Дўсмуродов, Неъмат Ёқубов, Элбек Абдуллаев самбо баҳсларида беллашса, Дилшод Гадоев, Шерзод Исмонов, Ойбек Солиев, Санъат Исмонов ва Азизбек Давронов жанговор самбо йўналишида гиламга чиқади.
Халқаро мусобақани бошқариб бориш учун Россиянинг турли ҳудудлари ва хорижий мамлакатлардан 40 нафарга яқин ҳакамлар жалб этилган. Улар сафида ҳамюртимиз, халқаро тоифадаги ҳакам Рустам Одилов ҳам бевосита Қозон баҳсларини назорат қилиб боради.
Қозон ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, турнирда илк бора Венесуэла, Голландия, Монголия ва Франция самбочилари иштирок этмоқда.
Т. Рўзиев,
ЎзА