Самарқандлик ёш курашчилар ғолиб
Андижон шаҳридаги Универсал спорт мажмуасида кураш бўйича U-13 ёш тоифасидаги кичик ўсмирлар (ўғил ва қиз болалар) ўртасида Ўзбекистон чемпионати якунига етди.
Ёш спортчилар ўртасида миллий курашни ривожлантириш, иқтидорли ўсмирларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир неча кун давом этган чемпионат мусобақаларида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда республикамизнинг барча вилоятлари жамоалари таркибида 700 нафарга яқин ёш курашчилар иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.

- Чемпионат ўйинлари юқори савияда ташкил этилди, - дейди Андижон вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов. – Иштирокчилар бир неча вазн тоифасида ўз маҳорат ва имкониятларини синовдан ўтказди. Муросасиз ва қизиқарли баҳсларда ўтган мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида самарқандлик ёш курашчилар биринчи ўринни қўлга киритди. Сурхондарё вилояти вакиллари иккинчи, жиззахлик курашчилар учинчи ўринга сазовор бўлди. Чемпионатнинг ғолиб ва совриндорлари медаль, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА