Самарқандлик тиббиёт ходимлари шарафланди
Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Самарқанд шаҳрида ҳам тантанали маросим ўтказилди.
Унда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов тадбир иштирокчилари ва самарқандлик тиббиёт ходимларини касб байрами билан табриклади.
– Дунёда касблар кўп ва давлат, жамият ҳаётида бу касб эгаларининг ҳар бири ўз ўрнига эга. Лекин одамлар саломатлигини муҳофаза қилиш, инсонларга соғлик, яхши кайфият, кўнгил хотиржамлигини бахш этадиган тиббиёт ходимлари заҳматли меҳнатини ҳеч бир касб билан қиёслаб бўлмайди, – деди Э.Турдимов. – Ҳузур-ҳаловатдан кечиб, кечани кеча, кундузни кундуз демай қилаётган шарафли ишингиз туфайли қанчадан-қанча беморлар саломатлигини тиклаб, соғлом ҳаётга қайтмоқда. Буни, айниқса, кейинги икки йилда дунё миқиёсида давом этаётган пандемия шароитида барчамиз кўрдик, юракдан ҳис қилдик. Бунинг учун сизлар ҳар қанча шараф, эъзоз ва эҳтиромга муносибсизлар.
[gallery-4652]
Бугунги кунда вилоятдаги 258 та тиббиёт муассасасининг 8 минг нафарга яқин шифокор ва 27 минг нафардан кўпроқ ўрта тиббиёт ходимлари аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда. Жорий йилда вилоятда 6 та оилавий шифокор пункти ва 4 та қишлоқ оилавий поликлиникаси очилди. Тиббиёт муассасалари 44 миллиард сўмлик тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Яқинда Самарқанд шаҳридаги 2-оилавий поликлиникага 1 миллиард 422 миллион сўмлик маммография ускунаси келтириб ўрнатилди. Бу йил Самарқандда илк бор вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида буйрак трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди. Бугунги кунга қадар ушбу амалиёт 10 нафар беморда ўтказилди.
Маросимда соҳа ходимларидан бир гуруҳи вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, вилоятдаги тиббиёт муассасалари ва тиббиёт ходимлари “Йилнинг энг яхши даволаш-профилактика муассасаси”, “Йилнинг энг яхши шифокори”, “Йилнинг энг яхши соғлиқни сақлаш ташкилотчиси” каби номинациялар бўйича рағбатлантирилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА