Самарқандлик шифокорлар Хитойда малака оширмоқда
Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида Хитой Халқ Республикасидан тиббиёт мутахассислари делегацияси, хусусан, Сиан халқаро шифохонаси директори ўринбосари Чжан Пейжен билун учрашув ўтказилди.
Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Хитой Халқ Республикасининг Шеньси провинцияси Сиан шаҳридаги тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Вилоят тиббиёти масъулларининг йил бошида Хитойга сафари давомида эришилган келишувга кўра, самарқандлик мутахассисларнинг замонавий диагностика ва даволаш усулларини ўрганиш учун Сиандаги клиникаларда тажриба алмашиш ва малака оширишга юборишга келишилган эди. Ана шу келишув асосида шу пайтгача 50 нафар тиббиёт ходими Хитойда малака ошириб, илғор тажрибаларни ўрганиб келди.
Сианлик меҳмонлар билан учрашувда Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Сухроб Зайниев ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётганини қайд этиб, кўрсатилаётган амалий кўмак учун ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.
Мулоқот давомида икки мамлакат тиббиёт мутахассислари ўртасида тажриба алмашинувини кучайтириш, замонавий тиббий технологиялар ва илғор клиник ёндашувлар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Йил якунига қадар яна 50 нафар самарқандлик шифокорларнинг Хитойда малака ошириши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Сиан халқаро шифохонаси вакиллари Самарқанддаги бир қатор тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири