Самарқандлик фидойилар тақдирланди
Самарқанд вилояти ҳокимлигида Президентимизнинг тегишли фармонларига кўра, Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан давлат мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ юртдошларимизга ушбу мукофотларни топшириш маросими ўтказилди.
– Давлат мукофотига сазовор бўлиш– бу давлат раҳбарининг эътирофи, жуда катта фахр, – деди Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов маросим аввалида. – Чунки, ҳар бир фидойи инсон ўз ҳаёти давомида зиммасидаги вазифани шараф билан, виждонан бажариш жараёнида элнинг, раҳбариятнинг назарига тушади, олқиш, дуо олади. Заҳматли меҳнатлар юрт сарбони томонидан эътироф этилиб, давлат мукофотига лойиқ кўрилса, кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшилади. Қолаверса, бу бошқаларни ҳам фаолликка чорлайди. Бугун сизлар ана шундай шарафга муносиб кўрилган Самарқанднинг энг фаол, фидойи, жонкуяр инсонларисиз. Барчамиз сизлар билан фахрланамиз, ибратли фаолиятингиз, ҳаёт йўлингизни бошқаларга ибрат қилиб кўрсатамиз.
Бу йил Самарқанд вилоятидан ўз соҳасининг фидойиси бўлган уста-ҳунармандлар, нуронийлар, тажрибали раҳбарлар, таълим, тиббиёт соҳалари ва маҳалла тизими ходимлари, тадбиркорлар, томорқачилар, коммунал хўжалик вакиллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари – йигирма нафарга яқин инсонлар давлат мукофоти билан тақдирланди.
Маросимда давлат мукофотларини Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов тантанали топширди.
[gallery-19011]
– Бир умр тиббиёт соҳасида ишладим, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятини оширишга озми-кўпми ҳисса қўшдим, – дейди “Нуроний” жамғармаси Ургут тумани бўлими раиси, “Дўстлик”ордени соҳиби Фармон Азизов. – Ўн йилдан буён эса туманимиз нуронийларига етакчилик қилиб келяпман. Президентимизнинг нуронийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга бўлган эътибори туфайли бугун кекса авлод вакилларига барча жойда алоҳида иззат-икром кўрсатилмоқда. Ҳар йили юзлаб нуронийлар “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари билан тақдирланяпти, “Уч авлод учрашувлари”ни ўтказиш анъана айланди. Бунга жавобан фахрийларимиз ҳам маҳалалаларда, таълим муассасаларида ёшларга мураббий, устоз, маслаҳатчи сифатида ҳаёт тажрибаларини ўргатмоқда, ёшлар таълим-тарбияси учун масъулиятни зиммасига оляпти. Ана шу нуронийлар қаторида танимда қувват, билагимда куч бор экан, шу азиз Ватанимиз учун хизмат қилишни шараф деб биламан.
Маросимдан сўнг тадбир қатнашчилари учун байрам дастурхони ёзилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари