Самарқандга эл севган санъаткорлар келди
Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги олдидан Самарқанд вилояти шаҳар ва қишлоқларида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар ўтказилмоқда.
Бир ҳафтадан буён вилоятнинг олис қишлоқ ва маҳаллаларида ўтказилаётган бу тадбирларда элимиз ардоғидаги таниқли шоир ва ёзувчилар, театр ва киноактёрлар, тажрибали ва ёш санъаткорлар иштирок этаётир.

Каттақўрғон, Ургут, Пайариқ, Пастдарғом туманларидаги маҳаллаларда ўтказилган шундай тадбирларда шоир Ўктам Мирзаёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Турғун Бекназаров, Учқун Тиллаев, Дилноза Исмияминова, “Ниҳол” мукофоти совриндори Дилсўз, самарқандлик ижодкорлар аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиб, ўз ижодларидан уларни баҳраманд этди.
– Бу йил Ватанимиз ва халқимиз ҳаётида унутилмас йил, – дейди шоир Ўктам Мирзаёр. – Давлатимиз мустақилликка эришганига ўттиз йил тўлмоқда. Ўтган даврда халқимиз эришган ютуқлар, юртимиздаги янгиланиш ва ўзгаришлар жараёни бугун жойларда ўтказилаётган учрашувларимизнинг бош мавзуси бўлмоқда. Айниқса, коронавирус пандемиясидан кейин аҳоли билан бундай самимий, очиқ мулоқотларнинг ўтказилиши халқимизга хуш кайфият бағишламоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА