"Самарқанддан мактублар" нелардан сўзлар?
Жадидчилар асосчиси, аллома, маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз ҳаёти, фаолияти, миллатни ёруғликка етаклаш йўлидаги интилишлари давомида нималарни орзу қилган, нелардан ранжиган, изтиробга чўмган? Миллатни таназзулга бошловчи иллатлар, дабдабабозлик, кўр-кўроналик, ортиқча ҳашам, тўй ва маъракалардаги исрофгарчиликлар, бойлигу, моддиятга муккадан кетишдек салбий ҳолатлар буюк жадид бобомизни ранжитгани рост.
Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида атоқли жамоат арбоби, ўзбек драматургияси асосчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий хотирасига бағишлаб ташкил этилган «Самарқанддан мактублар» номли бадиий-маърифий кўргазмада бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Манбаларга кўра, «Самарқанддан мактуб» 1903 йилдан бошлаб «Туркистон вилояти газетаси» учун Беҳбудий томонидан юборилган туркум мақолалар тўплами бўлиб, унда миллатни зулматдан нурга элтувчи илм ва тараққиёт ғоялари ҳақида жадид бобомизнинг фикрлари батафсил баён этилган.
Ахир тўй ва маъракалардаги ортиқча ҳашамлар, данғиллама уйлар, моддий бойликларни кўз-кўзлаш, диний қарашларни тараққиёт ва замон ўзгаришига қарама-қарши қўйган ҳолда мутаассибликка юз буришдек жиҳатларни Маҳмудхўжа Беҳбудий бундан юз йил муқаддам, қўҳна Самарқандда дард ва изтироб билан ўз мактубларида изҳор этган. Хатларнинг нусхаларига кўз югуртириб, устоз Беҳбудийни безовта этган айрим муаммолар бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганига ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Беҳбудийнинг «Ойина» журналида эълон қилинган «Туркистон тарихи керак», «Икки эмас, тўрт тил лозим», «Бизни кемирувчи иллатлар», «Ёшларга мурожаат» сингари мақолаларида халқимизга хос катта–катта муаммолар дадил ўртага ташланган.
«Самарқанддан мактублар» номли ушбу кўргазмада устоз Беҳбудийнинг 200 дан ортиқ мақолалари, мактублари, саёҳат эсдаликларидан танлаб олинган иқтибослар келтирилган. Уларнинг бари миллат, тараққиёт, Ватан қайғуси билан йўғрилгани билан аҳамиятлидир.
Кўргазмада шунингдек, архив материаллари, фотосуратлар, Беҳбудий томонидан нашри йўлга қўй илган ўқув қўлланмалари, Самарқанд мактабига хос бўлган амалий санъат намуналарига кенг ўрин берилган. Уларнинг бари тинч ва осойишта, ҳур замонларнинг қадрига етишга ундаши билан қадрлидир.
Назокат Усмонова, ЎзА